« Майя-1 »

« Форс-Минор »

Бўлим 31


Бодхгайя бир қадар нотабиий шаҳарча экан. Бу ерда ҳамма нарса ҳақиқий эмасдек, музейга, кўргазмага қўйилгандек тасаввур уйғотади. Гарчи Варанаса яқинидаги Сарнатх даражасида бўлмаса ҳам, буддизм меъморчилигининг очиқ осмон остидаги музейи.

Эрталабдан мен асосий диққатга сазовор жой бўлмиш ҳамма томондан кўриниб турадиган, улкан терракота пирамидаси шаклидаги, ёнгинасида машҳур Бодхи дарахти ўсиб турган ибодатхона атрофида тентираб юрдим. Афсоналарга кўра, айнан шу ерда Будда Гаутама онг равшанлашувига эришган экан. Унинг атрофида серўт ялангликлардан иборат боғ ястаниб ётибди. Кимдир, ҳаммадан четда нилуфар ҳолатида ўтирибди, бошқа биров эса буддавийлик ибодатини адо этаяпти, яна кимлардир шунчаки гурунглашиб ўтиришибди ёки ўт устида чўзилиб ётибди... Буларнинг бари металл тўсиқ билан ўраб олинган бўлиб, мен ҳозирча у ерда бўлаётган воқеаларни ана шу панжаралар ортидан кузатиб турардим. Ичкарига киргим келаётганди, мен гўёки қандайдир шижоатни кутаётгандек  эдим. Орқа томондан боғ ичига кириб, зинапояларга ўтирдим. Шундоққина ёнгинамда йигирма беш ёшлардаги йигит тингловчиларга нима ҳақдадир сўзлар бермоқда.    

Яқинроқ бориб ўтирдим, гап будданинг муқаддас ҳисобланган тарихи ҳақида бораётган экан, тўғриси, бу унчалик қизиқ эмас. Ўзи мен нимадан умидворман? Оқ отда шаҳзода келишиданми? Фариштаданми? Шунчаки ўрнимдан туриб, боғ ичини айланиб чиқишим керак – балки мен ҳозир ўз ҳамроҳимни топа олмасман, унда бк ерга эртага тонг саҳардан яна келиб, уни кутишимга тўғри келади. Агар у эртага ҳам келмаса-чи? Балки мен кеч қолгандирман, улар кетиб бўлишгандир?

Дабдурустдан хавотир мени ўз домига олди ва мен югурганча барча ялангликларни айланиб чиқдим. У кўринмасди. Қўшни боққа ўтиладиган эшикчани кўриб, у ерни ҳам айланиб чиқдим. Аммо у томонда деярли ҳеч ким йўқ эди... Бехосдан мен тушкунликка тушаётганимни ҳис этдим. Ўзим аҳмоқман... шунча вақт Варанасани айланиб юриш шартмиди. Нега ушбу учрашув мендан қочиб қутилолмайдигандек яшадим-а? Ўзи олисдаги қуйруқдан умидвор бўлиш ўрнига яқиндаги ўпкани маҳкам ушлашимга нима халақит берди? Энди нима бўлади?

 

Яна бирор соатча боғни тушкун кайфиятда кезиб юргач, ўзимни қўлга олдим ва айни вазиятда қўлимдан келадиган битта ишни қилишдан ўзга чорам йўқ, деган хулосага келдим. Ҳар куни шу ерга келиб, вақтимни мана шу ялангликларда ўтказаман, ҳамда вақти-вақти билан уларни айланиб чиқаман. Қолаверса, шаҳарча кўримсизгина бўлгани боис ўтириш ёки ётиш, ўйлаш, сайр қилиш, бирор нарса ўқиш ёки ёзиш учун учун бу ердан маъқулроқ жой топилмайди. Бу ерга одамлар турли маърузалар тинглаш ва диний фикр алмашувлар учун келишади, улар билан танишаман, суҳбатлашаман, одамлар қандай ўй-хаёллар билан яшашаётганини билиб оламан. (Жин урсин, наҳотки кечиккан бўлсам). 

Тушдан кейин боғни яна бир марта айланиб чиқдим, аммо натижасиз, демак, энди Интернетга борсам ҳам бўлади, лекин ким ҳам менга хат ёзарди... мени қизиқтирганлардан ҳеч ким ёзмаслиги аниқ.

Мен Наташани бутунлай унутган эканман! Ундан хат олиш қандай ёқимли.

 «Бу яна мен – Наташаман. Ҳозир хат ёзадиган аҳволда эмасман, аммо айнан сенга ёзмасам бўлмасди. Гарчи, биз эски қадрдонлар бўлмасак-да, бошқа биров билан эмас, балки айнан сен билан кўнглимдан ўтаётганларни ўртоқлашгим келаяпти, эхтимол бунга қадрдон эмаслигимиз сабабдир? Йўқ, менимча, бунинг сабаби сени эсласам, кайфиятим кўтарилишида, танамга илиқлик югуриб, сени қучиб олгим келишида бўлса керак.  

Мен Дарамсалага келдим.  Тибет монахлари, ибодатхоналари ҳақидаги таассуротларимни тасвирлаб ўтирмайман, бу ерга келганда ўзинг барчасини кўрасан (сен келасанку, тўғрими?) Лекин тоғлар... Мен шу ерда танишган Австриялик болалар билан тоққа сайрга чиқиб келдим. Тоғлар...

Австриядан келган сайёҳлар билан мен тоғларга сайрга чиқдим, улар билан шу ернинг ўзида танишдим. Тоғлар... Улар мен шу вақтгача ҳам билган, аммо туйғуларсиз, бу тушунишни ҳаётимнинг бир қисмига айлантириш йўлидаги ёрқин ҳисларсиз тушунишни яққолроқ кўрсатиб берди. Менинг эски шахсиятим ҳозир яшаётган  Меним билан мутлақо қарамаш қарши бўлиб, унга ёпишиб олиш ўлим билан баорбардир. Мен ҳар доим атрофимдагиларнинг майллари йўлида деярли ҳамма нарсадан воз кечишга мойиллик бўлган. Менинг ичимда ҳозир ривож топиб бораётган нарсадан эса воз кеча олмайман, бу эса мени ўзимнинг борига қаноат қилиб ва ожизона, кимгадир ноқулайлик туғдиришдан, ташвиш келтиришдан истиҳола қилиш, бундан қўрқиш, беғам ва беташвиш кўринишдек  эскича одатларимга қарши бош кўтаришга мажбур этди.  Қуйидаги хислатларни ўзимга зарур деб ҳисоблайман (улар менда шакллана бошлади) – йиғноқлик, ҳушёрлик, ҳовлиқма бўлмаслик, унча катта бўлмаган аниқ мақсадларни қўйиш ва уларга эришиш, ўзимга нисбатан  эътиборлилик ва шафқатсизлик.

 Қизиғи, тоғларда мени қўпроқ маиший ташвишлар қийнади. Бу ҳол бўлиб ўтган барча воқеаларни яна бир карра эсга олганимдан, уни гўёки қайта бошдан кечирганимдан, бирма-бир кўз олдимдан ўтказганимдан кейин содир бўлди. У ерда улар худди мен бошдан кечираётган ҳамма ажойиб нарсаларни – табиат гўзаллигидан ҳайратга тушиш, биргаликда ишлашдан хурсанд бўлиш, тоғ унсурлари билан ўзингни бирга-бир қолгандек ҳис этиш қувончи устини қоплаб олаётган қора қатламдек тасаввур уйғотарди... сийқаси чиққан ташкишларнинг қора қатлами босиб келгани сари мен уларни қоқиб ташлашга уринардим, аммо нимадан қочишга уринаётганимни ўзим тушуниб етмасдим. Олдинига битта кейин яна бир марта яққол қўрқувни ҳис этдим. Биринчиси, ярим кун овора бўлиб ўрмалаб чиққан тепалик устида тунни ўтказиш учун қўналға тиклаганимизда пайдо бўлди. Аслида, бундай баландликда тунаб қолиш ниятимиз йўқ эди, аммо қоронғу тушиб қолгани учун пастга қандай тушишни билолмай қолдик, чунки сўқмоқнинг бошланиш қисмини қор қоплаган экан. Жодаллик билан совуқ тушарди. Мени умидсизлик ва қўрқув ҳислари чулғаб олди, тоғлар эса бегона ва душмандек кўрина бошлади, ўзимни қопқонга тушиб қолгандек сеза бошладим. Онгу шуурим эртага янада баландроққа кўтарилишим ёки яна пастга тушишим ва довонга кўтарилишим мумкинлигига ишонишни истамасди, шу онда мен тезда бу тушкун ҳолатдан чиқиб кета олмасам, аҳволим чатоқ бўлишини англаб етдим.  Мен худди ҳаётим шу нарсага боғлиқдек, мана шу ҳолатдан зўр бериб чиқиб кетдим.  Мана шу тоғлар, мана шу изғирин, кунботар пайтидаги осмон, ботиб бораётган қуёш, пастда чумолидай бўлиб кўринаётган сигирлар, мана шу чексизлик, қўнғироқлар жаранги таърифлаб бўлмайдиган даражадаги гўзаллик билан мени оғушига олди. Иккинчи марта эса сўқмоқдан тойиб кетиб, ойғимни синдириб олганимда юз берди. Шундай ҳолат бўлдики, ички жимжитликни ҳис этдим ва менинг ичимда нимадир, нималигини ўзим ҳам билмайан, илғаб олишнинг имкони бўлмади, аммо жуда кўп нарса пайдо бўлиш ва ёриб чиқишга тайёр эди. Мен бир уринишда, ўйланмасдан ҳаммасини енгиб ўтдим. Шунда мени гўзалликни бошдан кечириш ҳислари чулғаб олди ва мен мана шу тоққа нисбатан кучли меҳрни туйдим. Худди унинг ҳар бир тошчасини ҳис этаётган ва эркалаётгандай эдим. Ана шу меҳр мен тирмашиб бораётган буталарга, ирмоққа нисбатан қуйилиб келмоқда эди... мен ўзимни таърифлаб бўлмайдиган даражада яхши ҳис этардим. Кейинроқ, сўқмоқда ўтириб олиб, тушишимга имкон бўлмаган водийга термулар эканман, қўрқув, оғриқ, хавотир, афсусланиш – буларнинг бирортаси хотиржамлигимни буза олмади.

Мен тоғда ўтказган кунларим билан касалхонада бўлган, хатто бугунги кунларим орасида ҳеч қандай бўшлиқ йўқдек назаримда. Бунга фақат ҳақиқий туйғуларни ҳисобга олаётганим сабабдир. Ҳар куни ақл чегара деб биладиган нимадир пайдо бўларди ва пайдо бўлаяпти ҳамда уни енгиб ўтиш керак. Мен ақл куч қаердан ва нима учун келишини билмаслигини, ва унга қулоқ осиш ўзингни чеклаб қўйиш билан баробарлигини англаб етдим. Унинг барча далил-исботларига қарамай, мен ҳозир айнан менга керакли нарса содир бўлаётганини яхши ҳис этиб турибман ҳамда мен ҳаётдан жуда миннатдорман... худди мени меҳрибон ва ғамхўр қўллар кўтариб бораётгандек. Мен туриш, ўтириш, ҳаракатланиш, мувозанатни сақлаш, зинапоялар бўйлаб юришни қайтадан ўрганаяпман. Энди мен борлиқни бошқа меъёрлар билан ўлчаётганим, бу нарса мендан ўзимда шакллантиришим шарт деб ҳисоблайдиган диққат-эътиборни талаб этаётгани  ўзимга ёқаяпти.

Мая, менга ёзиб тур, жилла қурса хат орқали... сенга қўл теккизгим келаяпти:)»

... Интернетда ўтириб, унга жавоб ёзиш билан овора бўлган бутун вақт давомида менинг Наташа тасаввуримдаги ғалати, назокатли, меҳрибон, ва албатта, зийрак ва  ҳиссиётли қиз бўлганлигини, ҳозир эса у мутлақо бошқача қиёфада... қандай таърифласам экан... барча сўзлар менга у қадар яқин бўлмаган ана шу сифатларнинг бирор қиррасини акс эттиради... намоён бўлганди. У “жиддийлашган”, “уйғайган”, “ақлли бўлиб қолган” десаммикан? Йўқ, бу сўзларнинг бирортаси мос келмайди. Бу ерда бошқа сўзлар керак, аммо мен ўша сўзларни топа олмаяпман... Мен нечанчи мартадирки, мана шундай таъриф учун сўзлар етишмай қоладиган вазиятга тушиб қолаяпман. Бир қарашда бу унчалик ҳам муҳим эмасдек туюлади, аслида эса жуда муҳимлиги аниқ. Баъзида мен бирор бир ҳолатни таърифлаш учун сўз топишга эхтиёж сезаётганимни бутун вужудим билан ҳис қиламан. Мактабда бизга рус тилининг буюклиги ҳақидаги фикрларини сув қилиб ичириб юборишган, аммо энг нозик ҳисларни, кўз илғамас туйғуларни таърифлаш чоғида менга у ожиз ва саёздек туюлаверади. Шундай ҳолатлар бўладики, бирор бир туйғу ўзига ном беришларини, маълум бир сўз билан ифодалашларини истаётгандек бўлади. Шундай кунлар бўладики,  бу нарса худди бугунгидек ҳақиқий азобга айланади – кўплаб турли туйғулар, белгилар, акс-садолар худди кўршапалаклар галасидек ўтиб қолади, агар уларнинг айримларини таърифлаш учун сўз, ном топишга улгуриб қолсам, кейин яна эслашим, ўйлаб кўришим мумкин бўлади ва бу ҳол қайтмас бўлиб кетган ҳисларни қайта уйғотиш имкониятини беради.

Қизиғи шундаки, белгилаш кўнгилнинг қўлдан чиқиб кетган ҳолатини ўзига жалб этиши билан гўёки қармоққа қўйилган хўрак  вазифасини бажаради.  Мен илгари чиройли атамалар топишга ҳаракат қилардим, улар мен таърфиламоқчи бўлаётган нарсани тўлароқ акс эттиришига эришишга интилардим, аммо охир-оқибат бу у қадар ҳам аҳамиятсиз бўлиб чиқарди. Номнинг борлигининг ўзи ва ном билан туйғунинг резонанси, мана шу номнинг тилга олинишининг ўзи маълум бир туйғуларни уйғотиши кераклиги муҳимдир. Шу пайтгача тутқич бермас, ҳаётга бошқача қараш, қандайдир улкан нарсага ишора сифатида намоён бўлиб келган нозик туйғу бирданига ички ёрқинлик касб этиши билан унга ном бергим келиб қолади. Унга ном бериш орқали мен якуний зўр беришни амалга ошираман, шу билан у тўла тўкис ёриб чиқади, шаклланади ва бошқа туйғулар орасида ўз сайру саёҳатини бошлайди. Сўз диққатга худди симлар ёки кўрсаткич орқали бўлганидек, туйғуларга йўналишга, уни ўз етовига олишига, юзларини силаб-сийпалашига, олдига колбаса ташлашига, унга ўзининг ўзига хослигини англашига ёрдам беришига, шундан сўнггина эркинликка қўйиб юборишига имкон беради. Диққат сўз ёрдамида туйғуга йўналади, унинг тез ривожланишига олиб келади, шундагина у ҳаётга органик қисм сифатида киришиб кетади, ўзини тўла намоён этади ҳамда янги кашфиётларни тайёрлайди, янги ва янги ўзлаштиришларни ўзига жалб этади. Бу худди ботқоқда майда оролчалар бўйлаб сакраб юришга ўхшайди. Бир сакрайсан – сен янги ҳолатда маҳкам ўрнашасан. Яна бир сакрайсан, яна, шу билан менинг дунём кенгайиб боради.

Паркка қайтиб бориш бирор янгилик олиб келмади. Буталар орқасидаги зинапояда турли хил қиёфадаги одамлар ҳинд кийимидаги европаликни диққат билан эшитмоқда эди. Уни мен ҳам эшитиб кўрсаммикан, а?

Ришикешда “устозлар ва уларнинг ўқувчилари билан мулоқот”дан, бундан ташқари улар билан бир неча маротаба Россияда учрашгач, мен ҳеч кимни эътиборини тортмай уни эшитиб, жонга теккандан сўнг тинчгина кетмоққа шайланиб, улардан нарироққа ўтирдим. Аммо мазкур диний йиғилиш буддизм тарихи ҳақидаги маърузадан иборат экан, шунинг учун ҳам тинч тура олмадим (яна керакли сўзни топа олмаяпман, бориб ҳожатимни чиқариб келсаммикан?:))... мен чидай олмай ҳикоядаги Марпанинг хотини Миларепа барча қоидаларни бузган ҳолда унга тушлик олиб келиб, бу ҳаракати билан Марпанинг жаҳлини чиқарган ва шу билан жуда ҳам иқтидорли шогирдини ўргатишга ҳалақит берган жойида  аралашдим.

-Марпанинг жуда ҳам жаҳли чиққан бўлса, у авлиё эмас экан-да?- менинг жарангдор овозим бир маромда ўқилаётган маърузани бузиб, ўнг томонимда ўтирган қизни чўчитиб юборди. Менга бақиришларини кутиб, беихтиёр бошимни елкамнинг ичига тортдим.

Во ажабо! Бирортасининг юзида жаҳл ёки ғазаб акс этмади, ҳамма менга қизиқиб тикилди.

-Қизиқ фикр!

(Аниқ, ҳамма менга қизиқиб қараяпти)

Уларнинг барчаси бирдан баҳслашиб, турли хил фикрлар билдира бошлашди. Маърузачининг ҳам жаҳли чиқмай, ўйланиб қолди ва афсонанинг матнида сўзлар доимо ҳам ўз ўрнида ишлатилмаганлиги, Марпанинг ростакамига жаҳли чиқмай, балки жаҳли чиққандай кўринганлигини, чунки ибодатхоналарнинг деворларидаги суратларда ҳам жаҳли чиққан жинлар акс эттирилганлиги, бу эса онгнинг хиралашганлигини эмас, балки бирор бир нарсанинг рамзи бўлиши мумкинлигини айтди.

Шу пайт кимдир елкамдан туртди. Мен орқамга ўгирилиб, курсидан йиқилиб тушишимга сал қолди. Бу ЎША!

-Кетдик.

Йўл-йўлакай суҳбатлашишга улгурдик.

-Мени қандай қилиб топдинг?

-Кам шу ердалигингни айтди.

-Кам? Ким у Кам? У мени қаердан танийди?

- Сени ҳозир Кам билан таништираман, у сени қаердалигингни шамолдан билиб олган. Шамол Кам нимани истаса, барча маълумотни унга етказади. Мен сен ҳақингда дўстларимга сўзлаб берган эдим, Кам эса қаердалигингни шамолдан сўраб берди. Шамол уни қизиқтирадиган бошқа нарсаларни ҳам айтган.

-Тўхта, мен ҳеч нарсани тушунмаяпман. Шамол деганинг ким ўзи? Сенинг отинг нима?

-Менинг исмим Сарт, шамол эса шамол. Сарт шамол тегирмонини қўли билан кўрсатиб, жилмайди. -Кел, сен билан келишиб олайлик. –У тўхтаб, ўйланиб қолди.- Ҳозир биз ажралишамиз. Ҳов анави майдончага кечки тўртларга келгин. У ерда мен сени ўзимнинг баъзи бир дўстларим билан таништираман, кейин бизда тўйиб суҳбатлашишимиз учун етарли вақт  бўлади.

Келишилган вақтга ҳали бир ярим соат бор. Мен бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйлай олмаяпман. Сарт мени ўз дўстлари билан таништиради! Бу сўзларни бир неча маротаба такрорлаяпман (ёки уларнинг ўзи такрорланаяптими?), ва ҳар дақиқа юрагим нимагадир орзиқиб, тезроқ ураяпти... Дақиқаларни санагим келаяпти, соатга қарайман, аммо вақт гуёки тўхтаб қолгандай.

Кичик тибет ибодатхонаси, нимқоронғи салқинлик, бир-иккита ёстиқ ва бутунлай ёлғизлик. Унга эшитилар-эшитилмас ҳовлини супираётган ва чироқларга ёғ солаётган роҳибларнинг қадам товушлари аралашиб кетади. Шундай қилиб мен белгиланган вақтни кутишга қарор қилдим.

 



<< Бўлим 30 Бўлим 32 >>