« Майя-1 »

« Форс-Минор »

Бўлим 30


Меҳмонхонадан икки қадам нарида интернет-кафени кўриб қолдим. Компьютерлар бир бирига тиғиз қўйилган кичкина хона чигиртка, калтакесак, капалаклар ва яна аллақандай ҳашаротларга тўлиб-тошган. Ҳар дақиқада уларни монитор ва ўзингдан қоқиб туширишингга тўғри келади. Бу ерда бошқа Ҳиндистон- унинг ёрқин қиёфасини кўриш мумкин. Шунга қарамай  интернет-кафенинг ичи тоза, мижозлар ичкарига яланг оёқда, ташқарида  оёқ кийимларини қолдириб киришади. Кафенинг эгаси хам  мижозлар билан хушмоамала, у билан ҳазиллашиш, у ёқ бу ёқдан гаплашиш мумкин. Менинг ўнг ва чап тарафимда хорижлик сайёҳ қизлар ўтиришибди. Чап томонимда ўтирган қўшнимга кўз қиримни ташлайман.... ёқимтой қиз, яланг оёқларини силкитганича кимгадир берилиб хат ёзмоқда... танамда нимадир ёнгандек бўлиб,  худди ўйноқи мушукча сингари муриллай бошлади. Сайёҳ қиз ўзининг йигитчасига хат ёзаётган бўлса керак... мен кимга ёзсам экан-а? Менинг хам йигитим бор... ҳа, аввалига Дэнига хат ёзаман.. Э, Худойим, қанчалик унинг кўксига бош қўйгим келаётганини билсанг эди?:)

 

“Салом, башара! Хатимни нимадан бошлашимни ва сенга нима ҳақида ёзишимни хам билмайман. Ришикешда сенинг хатингни олганимдан бери шунчалар кўп нарса бўлиб ўтдики, буларнинг бари ҳақида китоб ёзишим хам мумкин. Атиги икки ҳафта ўтганига ишонгим келмайди, шу вақт ичида бошимдан ўтказганларим аввалги бутун ҳаётимдан кўра кўпроқ.

Мен ажойиб одамларни учратдим... Менинг уларга муносабатимни сўз билан таърифлаш мушкул. Бу муҳаббатми? Ёқтириб қолишми? Меҳрми? Йўқ, бу сўзлар камлик қилади. Фақат сен рашк қилиб юрма:)

Йўқ, ҳозир сенга ҳеч нарсани таърифлаб бера олмайман. Фақат бир нарсани айтишим мумкин – тўғри йўл амалиёти ҳаётимнинг мазмунига айланиб қолди, ҳозир мен учун бошқа йўл йўқ. Мен ана шу амалиёт билан шуғалланадиган одамларни учратдим... Дэни, тасаввур қилаяпсанми? Мен ана шундай одамларни учратдим ва улар мени бутунлай ўзгартириб юборишди, энди бир ярим ой олдин Ҳиндистонга келган Майя йўқ. Мен айни дамда ёнимда бўлишингни жуда хам истар эдим, иккаламиз бирга Бодхгайяга борардик, айнан ўша ерда улардан бири билан учрашсам ажаб эмас. Балки, агар “омадим келса”. Уларни бошқа ҳеч қачон кўрсамлигим мумкинлигини ўйлашнинг ўзи даҳшат. Сен хам Лобсангдан айрилаётган пайтингда шундай туйғуларни бошдан ўтказган бўлсанг керак?

Мен ҳар куни ўз интилишларим, ўз кашфиётларим ҳақида ёзиб бораяпман, сенчи? Мен бу нарса жуда муҳимлигини англаб етдим. Бир-икки кунни ўтказиб юборсам, ҳеч нарса ёзмай қўйсам, тамом, , гарчи ҳеч нарса ўзгармагандек, хаммаси жойидадек кўринса хам, бўлаётган нарсалар ҳақида ўзимга ҳисоб бера олмай қоламан... Ёзиш билан банд бўлганингда эса бундай ғашлик умуман бўлмайди.

Ҳозирча мен бирор марта хам бирорта салбий ҳиссиётимни йўқота олганим йўқ, аммо... буни қандай тасвирласам экан-а... Дэни, энди мен барча дилхираликлардан тўла озод бўлиш нима эканини яхши биламан. Бу совға эди... бу шунчаки содир бўлди, қандай юз берганини билмайман хам. Бутун олам бошқача бўлиб қолди. Бутун танам борлиққа ёки бутун борлиқ танамга сингиб кетганга ўхшайди. Мен бармоқларимнинг учи билан ҳавога тегиб кўришим мумкин эди, у шунчалар қуюқки. Бутун танам, унинг ҳар бир тўқимаси ҳузур-ҳаловатга тўла эди. Туш кўрсам эдим, мен бор-йўғи кечқурун кўзимни юмиб, эрталаб очардим холос, уйқудалигимда қандайдир муҳим ва ажойиб нарса рўй берарди. Мен осмонга айлангандим. Саҳар қуёшининг нозик нурларига чўмилган тонгги, қуюқ олтинранг нектар билан тўлган кундузги, уфққа бош қўяётган қуёш нурларидан қизарган, шиддатли ундов йўлловчи кечки осмон эдим. Мен ва осмон ўртамизда чегара йўқолиб кетган эди.

 Мана шу бир неча кун ичида одатий ва кундалик нарсалар ўз аҳамиятини йўқотгандек бўлди, гўё... мен ҳеч эслолмаяпман, бу неча кун давом этди – уч кунми? Бир ҳафтами? Ҳозир бу нарса бирор хамиятга эгами ўзи?

Мен бу ҳеч хам тугамайди деб ўйлардим. Мен худди ёш боладек қувонч ва тиниқлик уммонида чўмилаётган эдим. Ҳозир шуларни ёзаяпману, аламдан йиғлаб юборгим келаяпти, Унга қайта олмасам нима бўлади?

Келажакда қандай яшашимни тасаввур қила олмаяпман. Москвага қайтишимни зўр-базўр кўз олдимга келтираяпман. Аммо, бундан қочиб қутилиб бўлмаслигини сезиб турибман.

  Ноябрнинг охиригача Ҳиндистонда бўлишим аниқ, фақат, айнан қаерда эканини ҳали билмайман, хаммаси Бодхгайяда воқеалар қандай ривож топишига боғлиқ. Чипта олишим билан у ерга жўнаб кетаман.

Мен тез-тез сени эслаб тураман, менинг амалиётим айнан сен билан танишишдан бошлангани зўр бўлди-да... Мен бу шунчаки тасодиф, бунда шунчаки замонанинг зайли   эмаслигини, ундан кўра улуғроқ нарса эканини сезиб турибман. Ким билади дейсан, Дэни, бизни келажакда нималар кутиб турган экан, бизнинг ўзаро мулоқотларимиз қай тарзда намоён бўлиб бораркин? Ҳар сафар сен ҳақингда ўйлаганимда ичим кўтаринкилик ва қувонч билан тўлиб тошаётганга ўхшайди... Бу худди узоқ-узоқларга шиддат билан интилишга ўхшайди. Сендан нима хоҳлашимни ўзим хам билмайман, бу фақатгина  шаҳвоний майл  эмас... Аммо у хам бор:)

Сенинг қизалоғинг»

 

Ота-онамдан келган хатлар. “Эс-ҳушингни йиғиб ол”, мана шу ва уларнинг давомидаги бошқа бир неча сўз менинг Ришикешдаги юлдузли осмонимни булутлар билан тўсиб қўйгандек бўлди. Йўқ, мен буни ўқишни, бу зулматга хатто кўз қиримни ташлашни хам истамайман, хонадан чиқиб, ортимдан эшикни ёпиб қўйишни хоҳлайман. Мен “ўзаро муносабатлар” деб аталадиган, бир-бирининг сирларни яширишга уринишадиган айниган дунёда яшашни истамайман. Мен бундан кейин бир манзилдан бошқаси сари интиладиган дўзах машинасида тубанлашиб кетаверишни хоҳламайман. Ўзимни худди оёқ-қўли боғланган одамдек ҳис этаяпман, бақиргим, бор кучим билан оёқ-қўлимни бўшатгим келаяпти, аммо бундан ип янада қаттиқроқ сиқади, лекин бирдан, оғриққа чидаб бўлмай қолган, мен шунда хам таслим бўлмаган  пайтда иплар бўшашгандек ҳис уйғонади ва мен ундан халос бўламан. Йўқ, ҳали тўла халос бўлганимча йўқ, аммо бу озодлик шамолининг эпкини, халос бўлиш мумкинлигига умиднинг уйғонишидир!

Ота-онам... дунёга келган кунимдан бошлаб улар мени бошқариш борасидаги ўзларининг жирканч санъатларини намоён этишган. Улар фақат бир нарсани – мени ўзлари хоҳлаган таассуротларни олиш мумкин бўлган даражада эгиб олишни исташган. Энди-энди мен буни янада яққол ҳис этаяпман! Аввалига улар қаттиққўл ва қўпол бўлишган, айниқса, онам. Мен ёлғон гапиришни, баҳона топишни ўрганганимдан кейин эса ахлоқ-одоб, афсонавий виждон ҳақидаги сафсаталар ишга солинди. Ниҳоят, жаҳл отига миниб, ўзимни мана шу қонунийлаштирилган зўравонликка қарши қўя бошлаганимдан кейин эса ачиниш ва айбдорлик ҳиссини уйғотишга уриниш бошланди. Буларнинг хаммаси мендан ўзлари истаган нарсани олишлари, мени ўзларига ёқадиган қайла билан паққос туширишлари учун керак эди, холос.

 Кечқурунги соат ўнда меҳмонхонадан икки қадам жойга чиқиб келиш ҳақиқий чидамкорлик синови экан. Бу пайтда кўчада аёллар умуман бўлмайди, аммо ҳали хам одам кўп, шовқин-сурон ва дим. Мен кафенинг эшигидан чиқишим билан кўча майдонидаги хамма мен томонга қараб бир нималарни қичқира бошлади. Бу қичқириқлар ҳар доим мени сергак тортишга ундайди. Мен ҳеч хам тушуна олмайман, бу сўкинишми, шунчаки баланд овозда сўзлашми ёки дўстона саломлашишми. Йўлкўрсаткичда Варанасда сайёҳлар йўқолиб қолиш ҳолатлари рўй бериб туриши ҳақида ёзилгани учун тезроқ меҳмонхонага етиб олишга ҳаракат қиламан, аммо бу осон эмас, - асфальт шундоққина кўча четида сотилаётган бананнинг сирпанчиқ пўчоқлари ва чанг аралашмаси билан қопланган. Менинг чопишим атрофдагилар учун акробатик томошага айланиб, уларнинг кулгусига сабаб бўлади. Кутилмаганда қаттиқ қичқирганча орқам билан мана шу ювиндига ўтириб қолдим. Бутун танам билан ифлос кўчанинг бадбўй ҳиди ва дайдиларнинг бадхоҳона қарашларини ҳис этаман. Қани менга яқин келиб кўришсинчи... шундай бақириб бераманки, қулоқлари қоматга келади, мени юввош деб ўйлаганлар янглишганларини билиб қўйишади... Аммо ҳеч ким менга ёрдам беришга хам ботина олмайди, аслида мен ёрдам учун чўзилган қўлга хурсанд бўлардим. Бир актёр театри... миямга ўрнашиб қолган хаёлда ўзимни худди декорациялар орасидадек ҳис этаман ва бу одамларни хамда бу ҳолатни воқелик сифатида қабул қилолмайман. Мана ҳозир хам олдинига шарманда бўлганимдан уягандек бўлдим-у, аммо бу туйғу тезда ўтиб кетди, уни бефарқлик ювиб юборди. Бир дақиқага мен ҳозир мана шу ерда, кўчанинг ўртасида худди ўрмонда дарахтлар ва қушлар қуршовида бўлгани каби ўтириб, ёзилиб олишим мумкиндек, бунда ҳеч қандай ғайриоддийлик йўқдек туюлиб кетди. 

«Lonely Planet»нинг хабар беришича,  Бодхгайя жойлашган Бихар штати Ҳиндистоннинг энг қашшоқ  штатларидан бўлиб,  бундан ташқари Жамма ва Кашмирни ҳисобга олмаганда энг жиноят гуллаб-яшнаган жой хамдир. Шунинг учун хам босқинчилар ва қотилларнинг ҳужумидан қўрқиб,  қоронғи тушиши билан кўчаларда ҳаракат тўхтайди. Шу боис Бодхгайяга Варанасадан автобусда бориш варианти бекор бўлди – сайёҳлик агентликлар зўр бериб бу истакдан қатишимни тавсия қилишди, чунки сайёҳлар ўтирган автобусларга вақти-вақти билан босқинчиликлар уюштирилиб, бандитлар баъзан одам ўлдиришдан хам тойишмас экан. Штат ҳукумати ҳар бир хорижлик сайёҳга полициячини бириктириб қўйишга (табиийки, унинг пули эвазига) хам уриниб кўрди. Рус рулеткаси ўйини менга ёқмайди, шунинг учун хам гарчи айланма бўлса-да, ишончли йўлни – Гайягача темир йўлда, у ердан эса таксидан ярим соат йўл юриб Бодхгайяга етиб олишни танладим. Ҳар сафар ўз домига хамма нарсани ва хаммани тортиб кетган  салбий ҳиссиётлар ва бошқа бемаъниликларга қарши чиққан одамлар билан учрашишим мумкинлигини ўйласам, шу дамда кўз олдида ажойиб олам намоён бўладиган боладек завқ-шавққа чулғанардим.     

Аниқ эсимда бор, болалигимнинг илк даврларида, ҳар бир кўз тушган нарса янгилик бўлган даврда мен худди шунга ўхшаш туйғуни ҳис қилганман, фақат у ёрқинроқ, тиниқроқ ва очиқроқ бўлган... Мен болалар кроватчасида ётганча атрофга ёғоч панжаралар орқали боқаман, ва бирдан ўрнимдан туриш истаги мени чулғаб олади. Ёғоч панжараларга тирмашганча ўрнимдан туришга уринаман, анча уринишлардан сўнг ниҳоят ўрнимдан турдим, ўшанда нимани ҳис қилганимни эсласам юрагим ҳапқириб кетади! Бу менинг ёдимда қолган илк саёҳатим ва у шу қадар мароқли эдики. Ҳозир ҳар сафар ўрмалашга уринаётган, ўмбалоқ ошаётган, тирмашаётган чақалоқларни ва уларни “ғамхўрлик” билан қайтадан кроватчаларига ётқизиб қўяётган ота-оналарни кўрсам,  улар бунинг шунчаки чирмовуқ, шиллиққурт ёки амёбанинг ҳаракатига ўхшаш ҳаракатлар эмас, балки кашфиётчининг иштиёқига ўхшаш бир нарсалигини, бу жараёнда одам сўз билан таърифлаб бўлмайдиган туйғуларни бошдан кечиришини билмасликларини, шу боис болани “ғамхўрлик” ниқоби остида қайтариб аравачага тиқишларининг сабабини англагандек бўламан.  

Энг даҳшатли нарсалардан бири йўргакдир. Мен буни сўзнинг кўчма эмас, балки асл маъносидаги фашизм деб ҳисоблайман. Йўргаклаш – инсонинг табиатига нисбатан очиқдан очиқ ҳақорат бўлиб, бунинг учун қамоққа ташлашгача бўлган жазо қўллаш зарур. Илк болалик  хотираларим кўз олдимга келгандагина мен буни англаб етдим – туғилишим билан мени чақалоқлар хонасига олиб бориб йўргаклаб фўйишган эди. Ҳозир ўшандаги латта-путтага ўраб қўйишгани боис қимирлай олмаганлигимни ва мени истаган кўйга солишганини эсласам, даҳшатга тушаман. Мана, бурнимни чойшаб билан ўрашди, энди эса кўз олдимда хонанигнг шипи турибди, - мен мана шу аблахларнинг қўлидаги бир буюм эдим ва улар мени банди этишганди, ожизлигимдан қанчалик азият чекканимни, умидсизликка тушганимни яхши эслайман. Барча чақалоқлар шу нарсани ҳис қилишларига ишонаман. Туғилиш пайтидаги жароҳатлар хамда уларнинг инсоннинг келгуси ҳаётига салбий таъсири борасида кўп баҳс-мунозара юритилади, аммо болаларни бир неча ойга бир кишилик камерадан хам даҳшатлироқ бўлган латта-путтадан иборат тобутга, тийдириш кўйлагига қамаб қўйиб,  уларга қанчалар азоб беришлари ҳақида ўйлаб хам кўришмайди. Агар менда имконият бўлганда яқин орада фарзанди дунёга келадиган ҳар бир кишини бир неча кунга яхшилаб йўргаклаб қўйган бўлардим... эхтимол ана шунда муаммо ўз-ўзидан ечимини топармиди.  

Болаликдаги бошқа бир хотирам қор ёғишини биринчи марта кўрганим билан боғлиқ. Ўшанда бир ёшда бўлиб, хона бўйлаб чопиб юрардим. Мана деразанинг олдига чопиб келдим, курсига чиқиб. Ташқарига мўраладим... ва қалбимни ҳаяжон чулғаб олди – кўчада хамма ёқ оппоқ бўлиб, қалин, паға-паға қор ёғарди. Ўша куниёқ ота-онам мени кўчага олиб чиқишларига эришдим, қорга термулганча уни тўйиб-тўйиб ҳидладим, у билан ўйнадим, хурсанд ва бахтли эдим, кашшофнинг беғубор бахтига қиёслагудек ўша пайтларни эслаганим сари, у дамлар энди ҳеч қачон қайтиб келмаслигини яққолроқ англайман. Бу менинг почта қутимга ҳар куни келиб турадиган қорахатга ўхшайди. Ҳали ёрдамга мухтож бола пайтимдаёқ мени унга ихтиёримга қарши тарзда ёздириб қўйишган. Ҳар сафар кўчага чиқиб, почтахонага бориб, менга мана шу жирканч нарсани йўллаётган одамнинг қўлларини саваламоқчи бўламан-у, почта қутиси ёнидан ўтаётиб, беихтиёр уни очаман ва қорахатни олиб унга диққат билан кўз югуртираман, шу ондаёқ ичим бўм-бўш бўилб қолади. Оёқларимдан мадор кетади, мақсадим қоронғулашади ва яна ҳеч нарса қила олмай қоламан.   

Энди эса пешонага ёзилгани бўлишига ишончга икиланиб қараяпман. Почта қутиси ахлатга улоқтирилган, энди қорахатларни ташлаб кетадиган жой йўқ, янги қути осгунларича менда почтахонага кириб, ўз манзилимни жўнатмалар рўйхатидан ўчириб ташлаш имокнияти бор.

Бодхгайяга бориш учун қувончли интилиш ҳиндлар ҳаётининг реал воқелиги билан тўқнаш келди. Ҳиндистонда бирор нарсани олдиндан режалаштириш мушкул, аммо бу ерда бундай бемаза вазиятга биринчи марта тушиб туришим. Маълум бўлишича, чипта олиш учун ҳинд рупияларини қаердан олганимни исботиловчи ҳужжат тақдим этишим керак экан(?!). Бошқача айтганда мен валюта айирбошлаш шаҳобчасидан бериладиган ҳужжатни кўрсатишим зарур эди.  Варанасагача бўлган бутун йўл давомида мен бундай ғалати талабга дуч келмаган эдим – маълум бўлишича, уни фақат шу йил амалга киритишган экан, шу боис менда ҳеч қандай маълумотнома йўқ эди. Шу боис тезда валюта айирбошлаш шаҳобчасига бориб, рупияларни долларга, кейин долларни қайтадан рупияга алмаштириб, маълумотнома олишга тўғри келарди. Аммо бекорга шошилган эканман... тақдир шу куни мени Варанасдан қўйиб юборишни истамаётган экан.

Шаҳарда валюта айирбошлаш шаҳобчалари йўқ экан. Гарчи бу ғалати бўлса-да (мен шунгача ва бундан кейин бўлган хамма жойда, ҳар бир сайёҳлик марказида валюта айирбошлаш шаҳобчалари бор эди), фожиа эмасди, валюта айирбошлаш шаҳобчалари бўлмаса, наилож, пулларимни бирор бир заргарлик ёки ипак буюмлари сотувчи дўконда алмаштириб оларман... бундан ташқари уларни меҳмонхонанинг ўзида хам алмаштириш мумкин (у ерда менга қароқчиларча нархда алмаштиришни таклиф этишди). Жин урсин! Бу иссиқ ўйлашга халақит бераяпти... Менга шунчаки пул алмаштириш эмас, балки маълумотнома керак-ку, уларсиз чипта ололмайман ва шаҳардан жўнаб кета олмайман. Яхши, шаҳарда ҳеч бўлмаса банклар бордир. 

Ростдан хам бу ерда банклар бор экан. Йўлимда учраган биринчи банк «Bank of India» бўлиб, бу ерда бугун пул алмаштирмасликларини билдиришди. Кейингиси – Андхра банкда нақд долларларни алмаштиришмас, чунки уларнинг   Нью-Делидаги бўлимида нимадир нима биландир мос келмаётган  экан. Айнан нима назарда туилаётганини эса тушунишнинг иложи йўқ. Инглиз тилида гапираётган ҳиндларни тушуниб олиш осон эмас, улар камида сўзларни бузиб талаффуз қилишади, бунинг устига гапираётган пайтларида бетел чайнаб турган хам бўлишади. Шу боис гапираётган одамнинг оғзи қон-қизил рангли сўлак билан тўла бўлгани учун, у бечора бошини орқага ташлаб гапиришга мажбур бўлади. Бу эса худди оғзини чайқаётгандек тасаввур уйғотади. Мутлақо сюрреалистик ҳолат.  

Майли-майли. Ахир менда кредит карта бор-ку... Лекин, хоним, ҳозир бутун шаҳарда бирорта хам телефон ишламаяпти, карточкадан пул ечишнинг иложи йўқ. 

Куннинг иссиғида яна бирор соат сарсон бўлгач, бу ишга қўл силтаб, масалани эртага ечишга қарор қилдим. Аммо эртасига аҳвол янада қийинлашди, чунки шаҳарда кутилмаганда (мен учун албатта) маҳаллий “фестивал” бошланиб қолди, шу боис барча банклар ёпиқ эди. Банклардан бирининг менеджери менга ачингансимон бўлиб, эртага улар очилишлари мумкинлигини, аммо байрам уч кун давом этиши боис пул алмаштириш-алмаштирмасликлари борасида бирор нарса дея олмаслигини билдирди. Энг ёмони меҳмонхона ходимининг менга айтишича, аслида айтарли байрамнинг ўзи йўқ экан. Чунки ҳиндларда бунақа “фестивал”лар деярли ҳар ҳафта бўлиб тураркан. Уларнинг худолари кўплиги боис ҳар бирининг йилда “ўз” ҳафтаси ёки ҳеч бўлмаганда уч куни бўлиб, ана шу кунлари уларнинг шарафига диний маросимлар ўтказилар экан.    

Варанасда, Ҳиндистон Вавилонида, дунёдаги барча динлар қоришиб кетган бўлиб, бу ерда байрамлар гўё эпидемия тусини олган. Бугун сикхлар, эртага мусулмонлар, индинига шиваитлар, кейинги куни янги йил, бир ҳафтадан кейин яна янги йил, - мушакбозлик авжига чиқади, осмондаги ранг-баранг варраклар кўзни қамаштиради, кўчалардаги карнайлар мусиқадан ёриламан дейди, кўчалар бўйлаб охирсиз барабанчилар, карнайчлар, қашшоқлар ва ўткинчиларга овқат тарқатаётган аравалар ўтиб-қайтади.   

Нимагадир мени кечикиб қолишим ва Бодхгайда ҳеч кимни учрата олмаслигим мумкинлиги ҳақидаги ўй қийнамаётган эди. Қандайдир ғалати, тушунарсиз ишонч менга у ерга эрта хам эмас, кеч хам эмас, балки айнан ўз вақтида етиб боришимни уқтираётгандек эди гўё.   

Ҳақиқат дақиқалари байрам йўқ куни, барча телефонлар ишлаётган пайти, оддий иш кунида, икки кундан сўнг етиб келди Барча банкларда ҳеч бир сабабсиз пул алмаштиришимга рад жавобини беришди –алмаштирмаймиз, вассалом! Ана шунақа. Қопқон ёпилди. 

 

«** октябр

Режаларим вазият тақозоси билан яна амалга ошмади. Режалар, режалар... бутун ҳаёт ана қшу режалар билан тўлиб, тошган.  Мен  фақатгина ҳиссиётлар, истаклар билан яшаётган бирор бир одамни учратдимми?

Ўтмиш исканжасида фақатгина келажакдаги режаларгина инсонни ушлаб туриши мумкин. Айнан яшаётган дамларимда мен параллел равишда қандайдир режалар тузишим мумкин, аммо бу нарса менинг ҳиссиётларимнинг давоми эмас, аксинча якуни бўлади. Айнан менинг қалбимда кечаётган ҳиссиётлар кеслажакдаги истиқболли режалар, фикр ва ҳаёллар билан боғлиқ эмас. Айнан тескариси хам тўғри- режалаштириш жараёни ташвишлар билан мос келмайди- доимо мен бирор бир нарсани режалаштираётганимда, мен реал воқейликдан ўлим томон қадам ташлайман.

Аммо бундай ҳолатда қандай қилиб фаолият юритиш мумкин? Қандай қилиб яшаш мумкин? Тухум сотиб олмасдан, ошхонага киришни олдиндан режалаштирмасдан, плитани ёқмасдан  туриб,  мен қандай қилиб ейиш учун ўзимга тухум қовуришим мумкин?

Мен бу саволларга жавоб топа олмадим, аммо шунга қарамай мен “жавоб”ни биламан-фақатгина уни таърифлаш учун тилим ожиз. Миямда фақатгина биргина воқеа айланади –бу воқеа менга ниманидир тушунтириб бериши керак, аммо у қаердан пайдо бўлди..а.. бу Андрей-ку, уни менга қор бўронидан қочиб ўтирганимизда, Эльбрусда айтиб берган эди... Қизиқ...бу воқеани фақат ҳозир эсладим, шу пайтгача эса уни менга айтиб беришгани  мутлақо ёдимдан кўтарилган эди... аммо, бундай ҳолатда... Воқеа қуйидагича содир бўлган эди. Бир куни у Помир тоғларида 70 ларни қоралдаган чолни учратади. Унинг кулбаси тоғ дараларининг бирида жойлашган эди. Ушбу чол ўз кулбасида яшаб, кичкинагина полизида эрталабдан кечгача ишлайди. Қандайдир сабзавотларни, масалан “редиска”ни парваришлайди.

У эрталабдан кечгача, ана шу сабзавотининг атрофида парвона. Унга сув қўяди, тагини юмшатади. Бир томондан у эрталаб яна шу хатти-ҳаракатларининг такрорланишини билади, яъни эрталаб ҳожатга чиқиб, нонушта қилгач, яна кетмонини олиб, сабзавотларни парваришлаш учун далага йўл олади, иккинчи томондан эса у ҳаёт ҳақида, айни дамлардаги ҳиссиётлари хусусида фикр юритади. Сабзавотларни парваришлаш оддий юмуш, аммо унга шу ишни НИМАДИР буюрган. Уни Худо ёки тақдир дейишимиз хам мумкин. Агарда у сабзавотсларни шу ерда парваришламаганда, балки бошқа ерда уларни  эккан бўлармиди ёки бўлмасмиди ёки кафеда официант бўлиб ишлар, талабаларга маъруза ўқирди. 

Бу сени ўз оқиминг жойлаштирадиган, у сенга айни шу дамда таклиф этадиган қолипдан бошқа нарса эмас. Ҳар биримиз қаердадир ўз стулимизда ўтирамиз. Ҳар биримиз эхтимолда тутилган ҳодиса ва шароитлар хилма хиллигидан ўз ҳаётимизда маълум бир вариантни амалга оширамиз, агар кимда ким режалар тузиб, шунинг ортидан нимагадир эришмоқчи бўлса, - унинг тириклигидан кўра ўлик бўлиши аниқроқдир. Агар мен юрагим буюрган, кўнгил тубидаги торларни чертувчи ишни  қилсам, - шунда мен тирик бўламан, менинг онгим бирор режа тузиш тузмаслигидан қатъий назар чин маънода тирик бўламан, - бу режа оғир тош бўлиб босиб турмайди, у... худди тавсияга, онгнинг тавсиясига ўхшайди, хамда мен ўзимнинг оннинг янгилигини ҳис этиш туйғумга бўйсуниб, ана шу тавсияга амал қилиш ёки қилмасликни ҳал этаман. Бунинг барчасининг меъёри – ички ёрқин интенсив сокинлик ҳисси бўлиб, - у тоғ жилғасининг пастга оқишининг сокинлигига ўхшайди. Бу туйғу менга таниш! Гарчи буни фақат ҳозир англаб етган бўлсам-да, у менга танишлиги аниқ. Менга яна нима маълуму, нима эсимдан чиқди?... Балки менга салбий ҳиссиётлардан озод бўлиш хам маълумдир? Балки осуда қувонч хам танишдир? Ақл нуқтаи назаридан қаралса, таҳминлар тутуруқсиз... шунга қарамай, мазкур фикрлар акс-садо беради... ақлий ишонч ва ички жонли акс-садонинг қизиқарли қарамаш-қаршилиги... менимча, айни дамда уларнинг ҳеч бири устун бўла олмайди... шунинг ўзи ҳар ривожланишдан далолат – илгари мен “биладиган” нарсамга очиқчасига қарши турадиган бу каби сезилар-сезилмас туйғуларга эътибор хам бермасдим».

 



<< Бўлим 29 Бўлим 31 >>