« Майя-1 »

« Форс-Минор »

Бўлим 29


Уйқу аралаш эшикнинг тақиллаши менга момақалдироқ гумубурлашидек бўлиб эшитилди, чўчиб тушдим. Ташқари қоронғу. Ахир бугун мен  тонг саҳардан Ганга бўйлаб сайрга чиқишим керак-ку...

Эшик ортига уйғонганлигимни бақириб, айтим, кўзимни чирт юмганча, чироқни ёқаман... Кийинганимча миямда минг бир хаёл чарх уради. Тўлиқ уйғониб улгурмаганлигим ва хонанинг  кўриниши қамоқхона хужрасига ўхшаб кетиши умидсизлик, шу билан биргаликда завқланиш ҳисларини уйғотади. Фотоаппарат, ён дафтар, ручка, қалин устки кийимимни (эрталаб дарёда салқин бўлиши мумкин), соатимни оламан. Ташқарига чиқаман.

Тонг саҳарда туриб, кўчага чиқиш болалик хотираларимни уйғотиб юборади. Фақатгина тонгдагина мен ёлғиз қолишим мумкин эди. Хамма ухлаяпти, сен ёлғиз ўзингсан, секин кийиниб, эшик ғижирламаслиги учун эҳтиётлик билан подъездга чиқасан. Тилимни чиқариб, калитни бурайман. Озодлик! Тўлиб, тошаётган ҳиссиётларимни жиловлашга ҳаракат қиламан. Жимжитлик...Оёқ товушим  акс-садо беради. Лифт тугмачасини босаман ва бирдан лифтнинг “ҳайқириғи” эшитилади. Назаримда бутун кўп қаватли уй ҳозир уйғониб кетади... йўқ, хамма уйқуда! Фақат шундагина атрофдагиларнинг барчаси қанчалик жонимга тегиб кетганлигини тушунаман... Кўча қоронғи, салқин, қандайдир сирли. Ташқарини енгил туман қоплаб олган...ҳозир у буткул бошқача, тирик. У мени дарҳол ўз бағрига олди, аммо теварак-атрофдан ажратмай, аксинча, хов анови  дарахтларга,  уларнинг орқасида мен аниқ илғаб ола олмаётган сояга яқинлаштирди. Туман нафас олаяпти, у тирик! Аввалига қўрқиб кетаман, кейин эса бутун баданим бўйлаб ёлғизлик қувончи тарқалади. Мен  ёлғизликнинг келишини биламан, уни кутиб яшайман ва у келади, қалбим торларини қитиқлайди, мендаги меҳрни уйғотиб, кимнидир севиш зарурлигини уқтиради. Аммо кимни? Севиш. “Кимнидир эмас” балки шунчаки. Ана шу севги домига инсон ўзини  ташлаши, ана шу завққа берилиши нақадар ажойиб. Бунинг учун ҳеч қандай қоида, шарт  керак эмас. Худди уйқудаги одамдек, аста-секинлик билан уйнинг ёнидан ўтиб,  ёнга бурисламан. Энди мен йўқман. Мен қоронғулик қаърига сингиб кетдим. Хамма нарса на шу қоронғулик домида, кўча чироқларининг нури бу ергача етиб келмайди. Бу ерда фақатгина менда йўқ бўлган намхуш туннинг, ҳаётнинг ҳиди мавжуд. Ярим соатдан сўнг уфқ оқара бошлайди ва яна одатий куннинг ташвишлари ана шу ҳидсларни  сўриб, ютиб юборади.

Мен ана қшу қоронғу, нам озодлик дунёсида бутунлай қолгим келади. Мен қачонлардир ана шу озодлик бағрига қайтгим, севги бахтидан маст бўлгим келади. Мен бир пасдан сўнг бу ердан кетишимни, қайтиб тўшагимга кириб, худди қўғирчоқ сингари яна қотиб ухлашимни биламан. Бу узоқ йиллар давом этади. Мен қайтишим зарурлигини биламан, фақат ёлғиз  қайтмайман. Ёлғиз бўлишни истамайман. Айнан ана шу ҳиссиётларим, туйғуларимни яна кимгадир совға қилишни, уларнинг барчасини атрофга тўкиб-сочиб, улашишни хоҳлайман. Кимгадир қувонч улашиш ҳисси инсонда  ўзисга бўлган ишонч, қатъийликни тарбиялайди. Чунки ана шу ҳислар хам ҳажмга эга, уларда борлиқдаги бор мавжуд нарса яширинган.

Пастда бир неча хорижий сайёҳ ўтиришибди. Мени кўришлари билан уйқусираб, жилмайишади. Оғзига бетелини тиқиб олган “меҳмонхона ходими” (инглиз тилида бу хизматчиларни ана шундай деб аташади), орқасини қашиганича, бизларни  соҳилга бошлайди. Ҳақиқатдан хам салқин.. яхшиямки қалин кийимимни олган эканман. Қайиқчи бизни соҳилда кутиб олади, йўлга отланиш керак.

Қайиқлар бирин-кетин қирғоқдан узоқлашишади. Эшкаклар худди ухлаётган Гангани безовта қилишга чўчигандек, ухлаётган йўлбарснинг силагандек, сув юзасига енгилгина тегиб ўтишади

-Бу ерда нечта “гат” бор? - кимдир қайиқчига савол беради.

-360 га яқин,- истар-истамас жавоб беради у.

-Уларнинг барчасини олдидан сузиб ўтиш учун қанча вақт керак?

-Уч соатга яқин.

Шу билан суҳбат якунланади. Ҳар бир сайёҳ узоққа тикилиб,  иссиқроқ ўралиб олади.

Вақти келиб, мен ўзга дунёга ғаройиб саёҳатни амалга ошираман. Мен унга йўл топишим зарур. Бирданига қўрқиб кетаман. Йўқолиб қолсам-чи? Борган еримдан чиқиш туйнугини топа олмасам-чи? Атрофимда худди шу одамлар, шаҳарлар бўлади, ҳаёт ўз йўлида давом этади. Аммо бу ўзга ҳаёт, мутлақо бошқа ҳаёт тарихига эга бўлган одамлар, балки улар одам хам бўлмас... балки ҳақиқатдан хам улар  одам эмасдир? Мен йўқолиб қолдим, ортга-яшаётган жойимга, мен яхши кўрган одамлар орасига  қандай қайтишни билмайман. Бизнинг ҳаётимиздан юз, минг йиллар орқада қолган, бошқа маконга, бошқа вақтга тушиб қолган ёлғизлик....

Менга доимо ёлғизликни эслатиб  турувчи бир сурат бор. Уфққа бош қўяётган қуёш, кичик шаҳар, куз киради, унчалик катта бўлмаган истироҳат боғидаги чанг йўлак, ўриндиқ, мен унда ўтирибман, вақти-вақти билан олдимдан одамлар ўтишади, уларнинг барчаси мендан анча йироқ. Мен ҳеч қачон бу ерда қалбимга яқин одамни топа олмайман. Ҳеч қачон. Хамма ўз уйқусида, мендан анча йироқ бўлган ўз ҳаётларининг ташвишларига кўмилишган. Мен ёлғиз қолдим, бу ерда чиқиш йўли йўқ. Мен фақатгина ёлғиз қанот қоқаётган қушнинг парвозидан завқ олишим мумкин. Умримда бирор маротаба хам учратмайдиган одамларга бўлган муҳаббат қалбимда тўлиб-тошмоқда, шунга қарамай олдинга интиламан.

Бўм-бўш соҳил чизиғи оқара бошлайди. Қуёш бош кўтармоқда. Қайиқ қирғоққа яқин сузаётир. Тонг саҳардан бу ерга юзлаб одамлар келмоқда. Катта кўзаларга сув тўлдиришади (наҳотки, улар мана шу ифлос сувдан овқат тайёрлаш учун фойдаланишса??? Шундай бўлса керак...), ҳамма ювинади, тишларини тозалашади, эркаклар ички кийимигача ечиниб, сувга шўнғишади, аёллар эса сувга сарида киришади. Мато шу заҳотиёқ уларнинг баданига чиппа ёпишиб,  яширган кўкракларини намоён қилади. Улар сарида чўмилишар экан! Буни тушунишга ожизман... Кўзларини юмиб, кафтларини бирлаштирганча бош кўтараётган қуёшга қараб ибодат қилишади. Уларнинг юзларига тикиламан.. негадир унда қувонч кўринмайди, бу одатий диний хатти-ҳаракатлардан бири, холос... Баъзи жойларда уст-боши ҳўл ёш-яланглар зинапояларда ўтирганларича ўз устозларини диққат билан тинглашмоқда... Дельфин! Бундай бўлиши мумкин эмас! Ана яна биттаси!

-Дельфинлар?

-Ҳа, дарё дельфинлари!

-Аммо сув жуда хам ифлос-ку!

-Бу ерда дарёга яна бир ирмоқ келиб қўшилади, шунинг учун хам бу ердаги сув тоза. Сув оқими жуда хам кучли, қайиқ  зўрға сузаётганини кўраяпсизми?

Офтоб юмалоқ, қип-қизил... Унга тикилиб қараш мумкин.. Ҳали бунақасини кўрмаган эдим. Бу ранг мени ўзига оҳанграбодек тортади, унга томон интилгим келади...

Қайиқ ҳавони худди бургут каби кесиб бормоқда, бир оҳангдаги ибодат қўшиқлари, шиддатли сув оқими ҳар томонга улоқтираётган катта қуриган япроқларда жажжи шамчалар, турфа рангдаги қайиқлар, фотоаппаратларнинг шуъласи... ранг-баранг, шовқинли  қирғоқ зинапоялари сувга ботиб турибди.

-Бу нима?? Инсон танасига ўхшаш бир нарса қайиқдан бир метр чамаси масофада оқиб келмоқда. Тўғримда ўтирган немис аёли хам уни кўриб, ранги оқаради, эрига қаттиқроқ ёпишади. Аниқ, бу мурда...

-Бу жасад, деди лоқайд ҳолда қайиқчи. -Дарёда улар жуда хам кўп... Ҳозир биз дафн гулханларига мўлжалланган гатлар олдидан сузиб ўтамиз, шунинг учун хам фотоаппаратларингизни яширсангиз... Кимдир кўриб қолса, полицияга хабар беради.

-Аммо у ерда гулхан ёнмаяпти-ку!

-Фарқи йўқ, барибир мумкин эмас. Қонун-қоида шунақа.

-Биз қирғоққа яқин сузамиз.  Кулдан қорайиб қолган майдончада оч пушти рангдаги кир кўйлак кийган беш ёшлардаги қизалоқ чўккалаб ўтирибди.... Иштони хам йўқ... У бу ерда нима қилаётган экан-а?

-Ҳар куни эрталаб улар бу ерда тилла қидиришади. Узук, тилла тиш қобиғи,-тушунтириш беради қайиқчи,-ўзингиз тушунасиз, улар хам яшаши керак...

Сувга тиззасигача ботиб эркак қўлидаги элак билан нималарнидир сувдан топишга ҳаракат қилади, -у хам қизалоқ сингари олтин қидирмоқда... Қизча хам, унинг болалиги ана шундан иборат.

Мэйн гат, бу ерда биз тўхтаймиз. Қирғоққа тушиб, унинг ҳаёти билан аралашиб кетиш мумкин. Аммо қирғоққа чиққач, мураббо ичидаги тузланган бодрингдек ҳис қиламан, бу ерда хамма нарса бегона, ўзга маданиятга бу ерда ўрин йўқ. Ифлос, сирпанчиқ зинапоялар, атрофимни ўраб олган қашшоқ одамлар, бир-нималар деб қичқиришади. Уришишмоқдами ёки кулишмоқдами, тушуниб бўлмайди. Хамманинг нигоҳи менда, жилмайишади, мен билан саломлашишади...

Қуёш чиқиши билан кун қизиб кетди. Бунинг барчаси ажойиб, фантастик декорация, аммо мен унга узоқдан қарагим келади, холос.

-Мана бу ерда тўхтат! Одамлардан ҳоли бўлган очиқ осмон остидаги қаҳвахона топдик, шекилли.

- О-о-кей, мэм.

Тўртта ёғоч стол, кир, оёлари  қийшайиб кетган стуллар, чанг меню, уст-боши ифлос официантлар - Ҳиндистондаги одатий кўча қаҳвахонаси. Бу ҳали энг ёмони эмас! Ўтирмоқчи бўлган стулимга диққат билан қарайман, кир стол устини бармоғим билан артиб кўраман. Ифлос кўринса хам,  бармоқларим тоза.

-Салом, мен хам шу ерда нонушта қилсам бўладими?-орқамдан овоз эшитилади.

-Албатта:)

-Менинг исмим Рой.

-Майя.

- Чиройли исм экан.

Келишган йигит, аммо мен негадир унга нисбатан бефарқман. Илгарилари шу тоифадаги одамлар менга ёқишарди-қорачадан келган, ҳаракатчан, қора сочли... У билан яна бир оз суҳбатлашишим керак, балки шунда у менга ёқар? У сал ўзини йўқотиб қўймоқда, шекилли.  Йўқ... шу тарзда индамай ўтирса керак, ёки бирор бир аҳмоқона савол бермасимдан гапни ўзим бошлай қолай.

-Бугун мен шу ердаги ибодатхоналарни томоша қилмоқчи эдим, балки бирга боришни хоҳларсан?

-Албатта!- У бирдан жонланади, унинг кўзларида умид учқунлари пайдо бўлади, бу энди нима қилиш кераклиги ҳақидаги бўлмағур ўйлардан халос бўлганлигининг нишонаси, унинг учун хаммасини ҳал қилишди, ахир.

- Сен бу ерларни биласанми?

-Ҳа, мен бу ерда икки ойдан буён яшаяпман…

-Икки ой??? -Бу ерда кимдир икки ой яшаши мумкинлигини тасаввур хам қила олмаяпман.- Мен бу ерда бор- йўғи иккинчи кун бўлишим, ҳозирнинг ўзидаёқ  бошқа тозароқ ва тинчроқ жой топгим келаяпти. Бу ерда нима қилаяпсан?

-Баъзи бир миллий чолғу асбобларини чалишни ўрганаяпман, йога ва веда фалсафаси бўйича курсларга бораяпман, одамлар билан танишдим, бадиий китоб ўқияпман.

- Буларнинг барчаси билан Ҳиндистоннинг бошқа жойида хам шуғулланиш мумкин-ку?!

-Балки …Аммо менга бу ер жуда хам ёқади.

-Буни қаранг-а!

- Сен қачон кетасан? -унинг овозида енгил хавотир сезилмоқда, у яна умидсизликка тушаяпти, шекилли.

-Шундай бўлса керак. Бу ерда мен яна Сарнатхга хам бормоқчиман. У ер ҳақида бирор нарса эшитганмисан?

--У ерда Будда хақ йўлига киргунига қадар сўнгги хутбасини ўқиган эди.

-Буни ўзим хам биламан:) У ер қизиқми?

-Жуда хам кўп ибодатхоналар, истироҳат боғлари бор, хамма жой тоза… Аммо менга у ер ёқмади-жуда хам музейга ўхшаб кетади. Варанаси ибодатхоналари илоҳий кучга эга, уларнинг ичига қадам қўйганинг билан буни ҳис этасан.

- Куч билан дейсанми?

-Ҳа, Варанаси кучи билан. Маҳаллий ибодатхоналар, Ганга- буларнинг бари илоҳий куч.

-Сен Кастанедани ўқисганмисан?

-Сал-пал. Аммо гап бунда эмас. Мен ҳақиқатдан хам бу кучни ҳис қиламан.

- Қандай қилиб?

-Нима, қандай қилиб?.. Буни ҳеч қачон таърифлаб бермаганман. Буни инсоннинг ўзи ҳис қилиши лозим:)

- Тўғри айтасан. Биласанми, кўпчилик уларда  қандайдир  илоҳий бир куч борлигини айтишади-ю, аммо ҳеч ким уни таърифлаб бера олмайди.

-Балки сен уларни тушунмассан?... Вой, сени хафа қилмоқчи эмас эдим. Аммо шундай бўлиши мумкин-ку! Намкай Норбу Ринпоче шундай деган эди: “Сенда илоҳиятга етишиш тажрибаси йўқ экан, сен савол берасан, барча нарсага шубҳа билан қарайсан, ўз онгинг билан нималарнидир англаб етмоқчи  бўласан, аммо бу нарсаларни англашга инсоннинг ақли ожиз бўлади. Шундай пайтлари у Будда таълимотидан юз ўгирмасликни, балки унинг сўзлари сенинг онгингга эмас, аксинча қалбингга етиб боришига ҳаракат қилишинг зарурлигини уқтиради.

-Ўзимни бирорта олимнинг маърузасида ўтиргандек ҳис қилаяпман:) Нега сен кимларнингдир гапларини такрорлаяпсан? Сен ўзинг шу масаланинг тубига етганмисан?

-Албатта, фақат менинг фикрим Намкая Норбу Ринпоченинг фикри билан бир хил.

-Демак, сен ушбу фикрга Ринпоченинг гапларини ўқимасдан олдин келгансан, шундайми?

-Йўқ… ундай эмас,- унегадир ўзига ишонмай гапирди,- мен унинг гапларини эшитган заҳотимоқ, анчадан бери шакллантира олмагшан фикрларимни тартибга келтирдим ва бу нарса айнан менга керак сўзлар эканлигини тушундим. Мен дарҳол унинг қарашларига қўшилдим... Бутунлай қўшилдим деб бўлмайди... Нима десам экан... Унинг фикри менга дарҳол тушунарли бўлди.

Таниш сўзлар... аммо нимани танласам экан? Мени нигоҳлари билан таъқиб қилаётган дайдилар орасида сайр қилишни истамайман, қайиқда сузиш хам жонимга тегди... ёқимли йигитча... балки, сал камроқ гапирарман? Стулга ястаниб ўтирганича, ўз истакларим уммонига ғарқ бўламан. Майли, ним бўлишини вақт кўрсатади.

-Демак,  бу нарсаларнинг барчаси сенга тушунарли. Шундай бўла қолсин. Мен ҳозирнинг ўзидаёқ, сенинг фикрингни инкор қилишни истамайман, фақатгина тажрибангни менга таърифлаб беришни сўрамайман. Менда бундай тажриба бўлмасада, сенинг фикрларингни тушунмаслигим мумкин, деб ўйларсан, аммо сенинг таърифингдаги самимийликни ҳис этишим ёхуд этмаслигим мумкин. Мен нима ҳақида сендан илтимос қилаётганим ва сен  гапираётган гаплар ўртасидаги фарқни кўраяпсанми?

-Ростини айтсам.. унчалик эмас. Ўйлайманки, илоҳий тажрибага таъриф бериб бўлмайди.

-Аммо Кастанеда, Рамакришни,  Кришнамурти , ёдимдан кўтарилай дебди, Намкай Норбу Ринпоче хам унга таъриф беришган! Мен буларнинг барчаси хом-ҳаёл деган фикрдан йироқман. Илгарилари мен бу ажойиб уйдирма деб ўйлардим, ҳозир эса бундай деб ўйламайман.

-Нега, бундай бўлганини айтиб берасанми?

-Балки... бошқа сафар.

Суҳбатнинг якуни тобора оғир кечиб, негадир менинг жаҳлим чиқа бошлади. Қизиқ... Менга доимо ана шундай ёқимтой йигитчалар билан шу мавзудаги суҳбатлар ёқарди. Мен соатлаб йогалар, сеҳргарлар, рўҳшуносларнинг янги кашфиётлари ҳақида гапиришим мумкин эди, энди эса ана шу булоқ қуриб қолди. Ҳозир мен мутлақо гапиргим келмас, бунга “бўш челакдан бўшлиққа тўкиш” деб, таъриф берса хам бўларди.

- ОК, Рой, мен ҳозирнинг ўзидаёқ ибодатхоналарни кўрмоқчиман. Хариталарга қараганда бу унчалик узоқ эмас экан. Мен билан бирга борасанми?

-Ҳа, албатта, келишдик-ку.

-Шундай ёқимтой ташқи кўринишга эга бўлган йигитлар унғайсизланиши, хижолат чекиши, сенинг фикрингдан ташвишланиши мумкин, деб ўйламаган эдим. Балки улар фақатгина ўзига ишонмаган қизлар олдида қаҳрамонга айланишар?

Ҳаёлимга йигитлар ва қизлар ўртасида  умуман ишончли муносабатлар бўлиши мумкин эмас, деган фикр келди.  Нотавонлик ва мағорурлик ўртасидаги кураш. Бундай муносабатлар пайдо бўлганида фақат  илк дақиқалардагина мувозанатни ушлаб туриш мумкин, кейин эса иккаласи хам азоблана бошлайдилар. Биттаси “уни севмасликларидан” азоб чекса, иккинчиси- “уни севишларидан” фийналади. Бу қандай севги бўлди... Албатта бу севги эмас, азобланиш! Айнан шуни севги деб аташади! Мен ўз тажрибамда буни синаб кўрганман. Йигитим менга ёқмай қолади, мен уни ташлаб кетиш учун ҳозирлик кўраман, аммо у бирданига менга нисбатан совуқ муносабатда бўла бошлайди, шунда мен ундан ажралгим келмай қолади, мен эса унинг эътиборини ўзимга қаратиш учун унга тинмай қўнғироқ қила бошлайман, унинг қўнғироқларини кутаман, рашк қиламан... Рашк- севгининг синоними! “Рашк қиладими, демак севади!”, қанчалик аҳмоқона гап. Мен рашк қилганимда менинг рашкимни қўзғатадиган барча нарсани йўқ қилишга тайёр турган совуққон аждаҳога айланаман.

Буни қандай қилиб севги деб аташ мумкин? Қандай қилиб рашк муҳаббат, ёнингдаги яхши кўрган одамнинг хатти-ҳаракатидан завқланиш, ёқтириш, олдинга интилиш билан бир қаторда туриши мумкин? Бундай бўлиши мумкин эмаслигини ҳозир аниқ тушуниб турибман... шунча йиллар давомида буни тушунмаганимга ҳайронман...

“Жинслар” ўртасидаги муносабатни барча одамлар бир-бирини рашк ва безовталанишдан ҳимоя қилиш борасидаги хатти-ҳаракатлар бошқаради. Бунинг натижасида  сен кундалик бир хилликка эришишингнинг ахамияти йўқ, кўпгина оилаларда хам буни “севги” деб атайдилар. Кўпинча мен “у хотинига ҳеч қачон ҳиёнат қилмаган” деган иборани эшитаман, демак бу нарса автоматик равишда эр хотинини яхши кўришини англатади. Ана шу архитипик эр бирор нарса ҳис қилган ёки қилмагани, унинг жинсий заифлиги ҳеч кимни қизиқтирмайди... Яна шундай гап хам бор: “улар 50 йил бахтли ҳаёт кечиришди”... қабр... “бахтли” мурдалар образи: аёл-ижодкор шахс, қишга мураббо тайёрлайди, ўрик данакларидан турли хил суратлар ишлайди. Эркак хам жуда қизиқ одам...

Қулоғим тагида кимдир-шундай бақирди-ки, чўчиб орқага тисландим. Орқамга ўгирилиб, ёшини аниқлаб бўлмайдиган мавжудотни кўрдим. Унинг жинси эркак шекилли, чотини алламбало латталар билан ўраб олган демаса, бадани яланғоч.

... Одамни қўрқитадиган узун, момиқ думи орқасида судралиб юрибди, нигоҳи қўрқинчли, одамни тешворай дейди, кир сочлари турли томонга дикрайган, қўлида  қизил-тилларанг ленталар бойланган хасса... Ким бу ўзи??? Албатта бу одам... яъни бир вақтлар одам бўлган, ҳозир эса... Тикилиб қарар эканман, думи ҳақиқий эмаслигини сезаман, аммо жуда хам таббий кўринишда... Ақлдан озган гадойми? Унга тикилганча, ушбу жонзотни ўзимнинг дунёмда тасаввур қилишга ҳаракат қиламан.

- Хел-л-ло! –  деди яна бир маротаба жонзот, менга тикилганича.- Бахшиш! Пул! Фақатгина бир неча рупия, холос...

Унинг кимлигини тушундим! Бундай одамларни нима деб аташларини эслай олмайман-у, аммо амалда улар бутунлай ўз худоларига сиғиниб, унинг қиёфасига киришга ҳаракат қиладилар. Рамакришна ҳинд худоси-маймун Хонумонга шу даражада сиғинган-ки, бутунлай унинг қиёфасига кирганлиги ҳақида қаердадир ўқиган эдим. Бу жонзот хам шулардан бўлса керак. Жуда хам ўхшаш:)

-Ма, 10  рупияни ол!

Қадимги худоларга сажда қилувчи мазкур жонзот  хурсанд бўлганича,  пулни юлиб олиб, нарироқда банан, қуритилган мева ва албатта, бетел билан савдо қилаётган аравача эгасининг олдига сакраганича кетади. Унинг жунли элатлари эса ибодатхонанинг ясси томи ва атрофга ёйилиб ўсган дарахтнинг қалин шохларида шовқин солиб, сакрашмоқда. Бир хиллари  “ширин” аравачадан бирор мевани олиб қочиш учун қулай фурсат пойлашади, аммо сотувчи хам анойилардан эмас. Қўлига қалин тайёқ олиб, юзига жаҳлдор ниқоб кийганича сарғиш маймунларнинг ҳужумини қайтаришга доимо шай.

-Бу ер сенга ёқдими?- деб сўрайман Ройдан.

-Ҳа, жуда хам. Бу қадимий ибодатхона, бу ерда хамма нарса Шакти билан тўйинганини ҳис қилмаяпсанми?

- Йўқ, сезмаяпман. Озгина қизиқиш уйғонаяпти, аммо шундан ортиғи эмас. Бу ерда суратга олиш мумкинми?

- Ташқи томондан мумкин, аммо хув анави ердан бошлаб мумкин эмас, - менда ҳеч қандай ҳаяжонни кўрмаганидан хафа бўлганлиги сезилиб турарди.

Гўзаллиги мени лол этишда давом этаётган маҳаллий қизларни суратга туширгач, Ройга кейинги зиёратгоҳга боришимиз мумкинлигини ишора қилдим.

Транспорт нисбатан кам бўлган кўчаларнинг қатнов қисми аста-секин одамлар яшайдиган ифлос “яланглик”ка уланиб кетади. Уларнинг қалин қоғоз, лой ва полиэтилендан ясалган “уйлари” ҳайвонларнинг ўзларининг кўп сонли оила аъзолари билан тунни ўтказгани ўрмалаб кириб кетадиган инини эслатади. Бу ерда турли ёшдаги болаларни санаб саноғига етолмайсан киши! Хаммаси исқирт, кир-чир, ялангоёқ, кўпчилиги қип яланғоч бўлиб, мана шу ифлос жойда бири ўмбалоқ ошган, бошқаси эмаклаган, учинчиси югурган, буни кўриб ҳар қандай европалик онанинг юраги шу ондаёқ ёрилиб кетган бўларди. Аммо қашшоқ ҳинд оналарининг парвойи фалак. Уларнинг айримлари “рўзғор” юмушлари билан банд, шу жойнинг ўзидаги темир бочкада олов ёниб турибди. Унга ўрнатилган қийшиқ қозонда ҳозиргина катта ёшдаги болалар олиб келган сув қайнаяпти, баъзи аёллар эса болаларини қучоқлаганча кана босган кўрпаларда ухлаб ётишибди. Эркаклар кўринмайди. Улар фақат кечқурун келишса керак... “Ишдан” деган сўзни айтишга тил айланмайди. Ахир бу ерда қандай иш хам бўлиши мумкин?! Мана шу талотўпнинг ўртасида жулдур кийим кийиб олган ёшгина, чиройли ҳомиладор (худо билади, нечанчи марта?) аёл ўтирибди. Кўринишдан у жуда бахтлига ўхшайди, кулиб турибди, юзларини қуёшнинг қайноқ тафтига тутганча, худди орзулар қанотида учиб юргандек кўзларини салгина юмиб олган. Балки у ростдан хам бахтлидир?   

Бу одамларнинг ҳаёти туғилган пайтларидаёқ белгилаб қўйилган. Улар ҳеч қачон ҳеч нарсани ўзгартира олмасликларини, ночорликдан қутилиш имкониятини берадиган миқдорда пул ишлаб топа олмасликларини жуда яхши билишади, менинг назаримда. Уларнинг қўлидан келадигани егулик ва оз миқдордаги кийим-кечакка етарли пул топишдир. Уларнинг боши таълим олиш истаги, мартабага эришишга интилиш, ёки бирор бир мулк эгаси бўлиш ташвишлари билан қотмайди, ваҳоланки, европаликларнинг бутун ҳаёти мана шуларга сарф бўлади... Уларнинг ҳеч вақоси йўқ, ва ҳеч қачон бўлмайди хам, шундай экан, ниманинг ташвишини қилишсин?! Балки, ташқаридан қараганда, бу қашшоқ кишиларнинг ҳаёти оғир бўлиб кўринар, аммо улар уни ҳеч нарсага алмаштирмасликлари тайин, чунки бу ҳаёт уларга яхши таниш ва кун кечириш учун кўп ҳаракат қилиш хам шарт эмас.  

 Кейинги ибодатхона хам аввалгиси сингари зўр таассурот қолдирадиган даражада эмас экан. Менимча, бундан Рой бутунлай ўзини йўқотиб қўйди, бунинг устига бутун йўл давомида мен у билан бир-икки оғизгина гаплашдим холос. Гарчи ўзимни унга нисбатан бутунлай бефарқдек тутаётган бўлсам-да, нимадир мени ўзимга жалб этаётган эди. Меҳмонхонага кираверишда мен яна бир бора унга кўз қиримни ташладим ва жилмайиб қўйдим, хамда агар у озгина ташаббус кўрсатса, уни тушликка таклиф этаман, йўқса гинаси ўзидан қолсин, деб ўйлаб қўйдим... Зерикарли.

- Майя, гарчи биз бошқа-бошқа дунё бўлсак-да, барибир сен менга жуда ёқасан. Мен ҳар ким ўзини ўзига хос нимададир топади, деб ҳисоблайман... балки бирга тушлик қилармиз. Бу ернинг ресторани яхшими?

- Ёмон эмас. Кетдик.

Унинг олати хам татиб, хам ушлаб кўрганда ёқимли экан. Унча катта эмас, салгина юқорига қайрилган, таранг... Агар у тугатишга шунчалик шошилмаганида балки хаммаси қизиқарлироқ бўлиши мумкин эди... Балки шундай бўларди. Балки бўлмасди. Ҳеч нарсани тушунмаяпман – бир қарасанг, лаззат олгандайман, лекин гарчи тугатмаган бўлсам хам худди ичак-чавоғимни ағдариб ташлагандек ҳиссиёт хам йўқ эмас. Хаммаси шунчалик тез рўй бердики, худди томдаги ресторанга чиқаётиб бир дақиқага хонага кириб ўтгандек. Барибир бўм-бўш ва туссиз ҳолатдаман, яхшиси у ҳозироқ столим ёнидан даф бўлса эди.

- Ён дафтарингга нималар ёзаяпсан? Бу кундаликка ўхшаган нарсами?

- Ҳа, - дедим истар-истамас.

- Мен хам кундалик тутганман, аммо уни ўзим билан олиб юрмайман…

     Зўрға унинг қаршисида ўтириб, таомни еб бўлгач (унинг индамай ўтиргани менга шу қадар ёқди-ки!), тезда хайрлашиб, кетишга шошилдим. Эшик олдига етганимда у мени қувиб етиб, электрон почтамнинг манзилини сўради. Унга қандай қилиб рад жавобини беришни билмай, бироз иккиланиб турдим (жуда хам рад жавобини бергим келаётганди), аммо ўйлаб кўриб, унга ўз мэйлимни бердим-да, уни ҳеч нарсага тушина олмай ҳайрон бўлганича  қолдириб, ташқарига отилдим.

 

«** октябрь

Соҳил бўйида сайр қилиб юрар эканман, кўрганларимни кимга ёзиб юборсам экан дея, ичимдаги “мен” билан фаол суҳбат бошланди. Қайсидир дақиқада ана шу суҳбатни бўлгим, тўхтатгим келди. Фикрларимнинг думидан ушлаб, уларни ярмидан бўлмоққа уринар, аммоу улар миямнинг бошқа бурчагида қайтадан тикланишарди. Мен мазкур уринишларга чек қўймоқчи бўлиб турган бир пайтда, поездда ички диалог ҳақидагапираётг7ан одам ёдимга ушди. Мен шу пайти  жуда хам унинг ўрнида бўлгим,  ҳарқ андай фикрдан ҳоли бўлган эркинлик таъмини тотгим келди...қизиқ, у менга бунда ёрдам бера олармиди?

Бирдан атрофга жимлик чўкиб, фикрлар дарёси қуриди. Ушбу фантазияларимга хамроҳ бўлиб келаётган мамнуният ҳисси хам қаёққадир йўқолди. Бир зумга атрофимдаги барча нарсалар қотиб қолгандек туюлди. Мазкур жимликда атрофимдаги барча нарса айланиб ётган-у, эндиликда эса бирданига тинчиб, мен тасаввурга хам сиғдира олмайдиган “нарса” қаршисида ёлғиз қолгандек, ўзимни ҳис этдим. Уни “қиёфасиз унсур”, “сўзсиз музлик бўшлиғи”деб аташ хам мумкин. Мен ана шу бўшлиққа тушиб, секин-аста ўз ҳаётимга назар ташлагандек бўлдим. Бирданига “Қандай яшашим кераклиги ҳақида мен ҳеч нарса билмайман” деган фикр пайдо бўлди. Шунча вақт мен бир нарсалар билан машғул бўлдим менинг ўз олдимга қўйган мақсадларим, афзалликларим бор, аммо мен нима мақсадда бу дунёда яшаётганим ва фаолият юритаётганим, охир-оқибатда мазкур фаолиятим нимага олиб келишини мутлақо билмайман. Мазкур фикр менинг бутун вужудимни қамраб олиб, худди менинг ҳар бир тўқималаримга сурилаётгандек, чуқурроқ ичимга кираётгандек бўлар, ўзининг ҳажми ва вазнига хам эга эди. Тўғрисини айтсам бу фикр мени  ҳаяжонлантирарди: “мен бундан кейин қандай яшашни мутлақо билмайман”. Ушбу фикр савол сифатида миямда айланар, аммо унинг жавоби мен учун унчалик аҳамиятли эмас эди. Кейин яна сукунат мени чўлғаб олиб, қаердандир узоқдан шовқин эшитилди. Ўша пайти мен гатнинг  баланд деворларидан пастга-Гангага тикилиб турардим. Шу пайти менинг кўз олдимда қуйидаги қиёфа пайдо бўлди: дарё оша унинг нарги қирғоғида турган кимсанинг чақириғи менга етиб келмоқда. У кимсани ақлга сиғдириб, унга таъриф бериб бўлмайди, унга ўхшаган жонзотлар билан мен ҳаётимда ҳали ҳеч хам учратмаганман. Аммо ана шу нимадир менинг ҳолатим эканлигини аниқ биламан. Ана шу ҳолатга мен тушишим мумкин, аниқроғи-мазкур ҳолатда мен хам, бошқа кимдир йўқ, балки айни пайтдаги  “мен”ана шу ҳолатга айланиши мумкин. Мазкур чақириқ янада аниқроқ бўлиши учун (бу мен учун яна бир янгилик- миямда пайдо бўлаётган фикрларда нафақат ҳақиқат, балки ўзимга бўлган ишонч мавжуд эди), мен қотиб қолишим, атрофимда эса фикр ва ҳиссиётлардан ҳоли бўлган сукунат бўлиши керак. Чақирираётган кимса сирли, аммо болалигимдагидек сеҳрли бўлмай, балки муздек совуқ, ҳиссиз ва шафқатсиз эди. У ўзига оҳанграбодек тортар, аммо барқарор эмас эди. Бундай ҳолат менга таниш.

Ўзимга бўлган ушбу ғалати ишонч... У жуда хам оддий, табиий ва қувонарли. Тотал қўрқмасликнинг нозик фарқи. Мазкур ҳолатнинг пайдо бўлиши, охирги пайтлари мен кўпгина ўз хоҳиш-истакларимни амалга оширганим учун пайдо бўлди, деган фикр миямга келди.

Илгарилари истакларим мени ҳар томонга тортар, ҳозир эса бироз тизгинни бўшатгани учун, мен ўзимни эркин ҳис қилиб,  менга энг керакли нарсага қайтдим. Мен эркинлик нашидасини сурардим, айни пайти истаган ишимни қилишим мумкинлигига ишонч ҳосил қилгандим ва энг асосийси, менда ҳеч қандай истак йўқ бўлиб, айнан ана шу  истамаслик менга қувонч бахш этмоқда эди. Хоҳиш –истакларимнинг асосий қисми-менинг истакларим бўлмай, балки қўрқув, бировга тақлид қилиш натижасида ишга туширилган механизмдир. Истаклар – ҳақиқий дард, азобдир. Улар амалга ошиши билан ўрнига янгилари пайдо бўлади, сен уларга шамолга  ёки табиий ҳодисаларга юзингни тутганингдек ўзингни тутиб берасан ва айнан ана шу пайти сен ўзинг мазкур унсурга айланасан.

Ўзингга бўлган бу ғалати ишонч... “Ўзинг” сўзи бу ерда ортиқча. У абсолют улғайиш сингари қабул қилинади. Ана шу ишончга бўлган ишончнинг ўзи тобора орта боради, у бирор бир нарсани ўзгартириши ёки ўзгартирмаслигини нг ахамияти йўқ. Ундаги қайтариб бўлмаслик хусусияти, яъни  у сенда бўлганида бошқа инсонга айланасан, ва у кнтганидан сўнг хам худди ўзгармай қолаверишлик сенга янада кўпроқ ишонч бағишлайди. У ўз изини қолдиради. Қолган барчаси юзаки, унда сен ёшинг хусусида ўйламайсан, айнан шу нарса сени олдинги ҳаётингдан ажратиб туради.... Мен ўша одамни кўргим келаяпти, унга ўз ҳаётим ҳақида сўзлаб бергим, унинг олдида жимгина тургим ва уни эшитгим.унинг дўстларини кўргим келаяпти. Фақат ҳозиргина мен шундай имкониятга эга эканлигимдан бахтиёрлигимни ҳис этдим. Бу саёҳатга у мени таклиф этди-ку, аммо мен бўш қўл билан боришни истамайман, мен хам унга ўз совғамни беришни истайман-мен бошқача бўлиб, тажриба тўплаган ҳолда қайтаман”.

 



<< Бўлим 28 Бўлим 30 >>