« Майя-1 »

« Форс-Минор »

Бўлим 28


Бинорас – Ҳиндистоннинг шойи ишлаб чиқариш маркази, ва ҳар бир  сенга кўчада бир нарса сўраш учун эътиборингни тортган ЙЎЛОВЧИ одатда шойи сотувчисининг жосуси бўлиб чиқади. Улар сени турли хил йўллар билан дўконга алдаб, олиб киришади. Масалан, пирожное сотувчиси бирор бир уйнинг орқасига ўтишга, рикша – очиқдан-очиқ дўконга таклиф этади, агарда таклиф этишни унутса, дўкон эшигининг олдигача сизни олиб бориб, ўша ерда тўхтайди – дўконга ташриф буюришни истамайсизми? Ресепшн хизматчиси... йўлак фарроши... уларнинг барчаси шойи вируси билан зарарланган. Варанас шаҳрининг ҳар бир фуқароси - ўриндошлик бўйича шойи жосуси. Сенга учрайдиган ҳар бир йўловчи ўзи билан ана шу касалликни олиб юради. Бирор бир одам билан гаплашиб қолсанг хам, орадан 15-20 сония вақт ўтгач, унинг қарашлари ўзгаради, бурун катаклари катталашади, нигоҳларида шайтоний шуъла акс этади, хатти-ҳаракати худди йиртқич ҳайвонники сингари ўзгаради, юзида Джаконданики сингари табассум пайдо  бўлади... тушунарли, вирус фаоллашди, унинг миясига, жигарига  урилди. Энди қаршингизда турган одам юқолди, унинг ўрнига шойи жосуси пайдо бўлди.

Бир-бири билан чалкашиб кетган тор кўчалар лабиринти бўйлаб сайр қилиб юрганингда, бирдан қаршингда хайрихоҳ ҳинд пайдо бўлиб, сендан ҳеч нарса талаб қилмай, йўлни кўрсатиб қўйишга қасам хам ичади. Агарда қаршилик билдирмасанг, унинг уйида бир зум меҳмон бўлишинг мумкин - уйи узоқ эмас, шу ерда, кўча муюлишида. У ерда унинг оиласи, фарзандлари билан танишишинг, улар сенга Ҳиндистон ҳақида кўп қизиқ нарсаларни айтиб беришлари  мумкин, юринг чой ичамиз... Романтика! Албатта, кўча муюлишида шойи тўқувчисинингустахонаси бўлади. Унинг хўжайини ва жосус бир қарашданоқ бир-бирларини яхши тушунишади. Ҳеч бир сўзсиз иккита яқин қариндошнинг учрашуви ҳақидаги саҳна кўриниши қўйилади. Дарҳол барча оила аъзолари йиғилиб, шу ерга дастурхон ёзилади, ўтиринг,  орқангизга юмшоқ ёстиқларни қўйишга ижозат беринг...ҳа, Ҳиндистон, ҳа, Европа, ҳа... бу ерда жамият табақаларга, яъни касталарга бўлинган, илоҳий шаҳар, карма, маданият... бу менинг хотиним, бу менинг фарзандларим... бу ерда эса биз шойи тўқиймиз.. ҳа, бу шунчаки... ҳа.. тонг саҳарда Ганга дарёси бўйлаб сайр қилиш, атрофни томоша қилиш  мазза.. табиат жуда хам гўзал... мана бу шойи хам чиройли, тўғрими?... мана буниси хам... қўлда тўқилган. Сўнг сендан секингина сўрашади: “кўрсатайликми?”. Кўз қири билан “кўрсатайликми?”. Фақтгина кўрсатамиз, бу жуда хам қизиқ-ку?! Сен елка қисасан. Оҳ, КЎРСАТАМИЗ!!! Ҳуштак чалинади,  оёқлар дупури эшитилади – қаердандир юқоридан елкаларида шойи ўрамларини кўтариб олган учта болакай пайдо бўлади. Олиб келиб, оёғинг остига ташлашади-да, яна юқорига югуриб, чиқиб кетишади. Сен ичаётган чойингга тиқилиб, йўталиб бўлгунингга қадар, ёнингда БИР ТОҒ шойи ўрамлари пайдо бўлади. Бешта одам, худди сени гипноз қилаётгандек, бир хил овозда “фақат кўринг, сотиб олишингиз шарт эмас, фақат кўринг” дея, ўрамларни бирма бир очиб, сенга кўрсатишади. “Хотин” ва “фарзандлар” шу заҳотиёқ кўздан ғойиб бўлиб, хўжайин эса сенга диққат билан тикилганича, қанчага тушира олишини ҳаёлан чамалайди. Мана бу шарфча - бор-йўғи эллик рупия туради.. ҳақиқатдан хам арзон, бизда бу нарса ўн баробар қиммат туради... мана бу чойшаб эса- уч минг рупия.. сенга диққат билан хўжайиннинг нигоҳи қадалади, аҳа.. демак, уч минг рупия деганда мижоз қилт этмади, яхши, болакайларга яна бир маротаба кўз қирини ташлаш етарли, улар янги ўрамларни шу заҳотиёқ олиб келишади. Мана бу эса қўлда тўқилган, жуда хам қиммат, йигирма минг рупия, аммо Европада бу ўн минг доллар туради..аҳа, мижознинг қарашларидаги жило йўқолди, демак яна арзонроғини кўрсатиш керак... Тасанно! Уларнинг барчаси ўз ишининг устаси. Энг яхшиси кийик хам қутулиб чиқа олмайдиган  Гримпен ботқоқликлари сингари шойи фабрикаларини  айланиб ўтиш керак. Уларни кўрганинг билан орқангдан ит қувлагандек қочиш керак, бунда бор-йўғи ҳаётингнинг икки соатини йўқотасан, холос, бўлмаса  қуруқ хамён билан шойиларни елкангга ортганча кетишинга тўғри келади.

Соҳилга етмасимданоқ  турли томонимдан қулоққа чалинаётган “шойи” сўзини эшитиб, турган жойимда сапчиб тушаман.. Уст-бошлари кир, етти ёшдан ўн ёшгача бўлган болалар муюлишдан чиқиб, менга ташланишади. Бақиришади, қўлларимдан ушлаб тортишади, кимдир орқамга сапчийди, сочларимни ушлаб кўришади. Битта бола қўлимдан ушлаганча, соатимни кўрсатиб бешинчи маротаба бир гапни қайтаради: “менга соатингни совға қил, менга соатингни совға қил”. Жаҳлим чиққанича ҳайвон сингари менга ёпишиб олган болаларни силтаб ташлайман... Бўлмаса кўзойнак, менга кўзойнагингни совға қил!! NO!!! – бутун кўчага бақираман, аммо устимдан кулаётган болалар ва бир неча деразадан қизиқиб, бошини чиқарган ҳиндлардан бошқа ҳеч нарса юз бермайди.

Ҳозир бу болалар менга яна ташланишини ҳис этиб,  олдинга қараб югураман, улар эса ҳуштак чалиб, қичқирганларича ортимдан қувишади ва йўл-йўлакай тинмай бирор нарсани совға қилишимни сўрашади- ручкамни, кўзойнакни, соатни, шоколад... Мени тинч қўясанларми??!!! Ерга куч билан тепиб, афтимни буриштираман, бирортасини гарданига мушт туширмоқчи бўламан-у, аммо журъат эта олмайман, уларнинг барчаси шу даражада кир, ифлоски...О, худо, рўпарамда хорижий сайёҳ пайдо бўлади. У хам қўрқиб кетган. Мени кўриши билан жонланади – худди денгизда қутқариш қайиғини кўргани каби.. Меҳмонхонада  менга соҳил яқинлигини, унгача беш дақиқа яёв юриш кераклигини айтишган эди... Қизиқ, у бу ерда қачондан бери адашиб юрган экан-а? Юзидаги ифодага кўра анчадан бери бўлса керак...

- Хелло, айта олмасизми, соҳилга қандай қилиб борсам бўлади?

У ташвишли жилмаяди.

-Билсам керак, деб ўйлайман:))   Мен мана бу йўлдан келдим,-- унга қаердан қайрилишини тушунтираман. У ўз навбатида менга дарё соҳилига қандай бориш мумкинлигини тушунтиради. Шундан сўнг иккаламиз хам умид билан хайрлашиб, йўлимизда давом этамиз.

Бинораснинг афсонавий соҳили... О, бу ернинг итларини қаранг-а! Булар кучук эмас, балки катта каламушлардир! Хаммаси бирдан ориқлаб кетган бультерьерга ўхшашади,-жуни тўкилиб кетган, яра-чақа тошган... Бррррр… Шу пайтгача менга барча ҳайвонлар ёқар эди, аммо бу итлар...

Узун тош зинапоялар сувгача тушади, енгил тўлқинлар  пастки зинапояларга пластик идишларни, чириган латталарни, турли хил маросим гулларини, ахлатни, нималигини ажратиб бўлмайдиган яна алламбалоларни чиқариб ташлайди. Сувга яқинроқ тушаман, у шунчалик ифлоски, одам хаттоки бармоғини хам тиққиси келмайди... Шалоп! Бўлиши мумкин эмас! Болакай боши билан сувга кўмилиб, бир дақиқадан сўнг қайтиб чиқди. Нима, бу ерда чўмилиш мумкинми? Болалар эса қийришганича сувда чўмилишмоқда, бир –бирларига сув соҳилга чиқариб ташлаётган ахлатни отишади. Йўқ, бу камбағалларнинг болалари эмас, оддий ўртамиён ҳиндларнинг фарзандлари.

Бу ердан ўн метр чамаси узоқликда бир нечта аёл тиззагаача сувда туриб, кир ювишмоқда. Аввал улар кирни шу ердаги катта тошларга яхшилаб уришади, кейин эса совунлаб, тошларга ёйганларича дағал чўтка билан ишқалашади, ундан кейин  кирни дарё сувида чайишади. Уларнинг атрофидаги сув мағзавадан оқиш рангга кирган. Барча зинапояларга тоза (???) кирлар- беш метрли сарилар, чойшаблар, кийимлар ёйилган.. улар иссиқ қуёш нурида бир неча дақиқада қурийди.

 Соҳил бир неча километрга чўзилиб кетган, унинг охири енгил тумандаги сингари қаергадир сингиб кетади. Бу ерда тоза ҳавонинг ўзи йўқ. Фақатгина тўртинчи ёки бешинчи қаватдагина енгил тин олиш мумкин, шунинг учун хам узоқдаги нарсалар кўринмайди, фақатгина инсон кўзи икки-уч километрдаги нарсаларнигина кўриши мумкин. Иссиқ. Атрофга арзон муаттар ислар, сигир тапписи ва инсон пешобининг ҳиди тарқалади. Бу ерда барча одам истаган жойга, сайёҳлар, одамлар сайр қилиб юрган бўлсада, ҳожатини чиқариб кетаверади. Агарда эркак одам хамроҳларидан ажралиб икки-уч метр чеккага чиқиб, девор томон угирилганича ҳожатини чиқарса, ҳеч ким бу нарсани уят деб қабул қилмайди. Аёллар сал уятчанроқ. Аммо қоронғи тушиши билан соҳил бўйида чўкаллаб ўтирганича, Гангага ҳожатини чиқараётган аёлларни учратиш мумкин. Қарама-қаршим соҳилда элас-элас кўринаётган жунглилар ана шу ҳинд ҳаётида қандайдир фантастик нарса бўлиб туюлади. Шу ердан унча узоқ бўлмаган жойда тоза ҳаво, тинч жой борлигини тасаввур хам қилиш қийин...

Турли рангдаги ибодатхоналар, ифлос, ярми вайрон бўлган саройлар, бир-бирининг устига хаотик равишда чиқиб кетган турар жойлар ўзгармаган беш асрлик ҳаётнинг манзарасидир... Аммо бу ерда вақтнинг ўзи йўқ. Теварак-атрофимни реал дунё сингари ҳеч хам қабул қилгим келмайди. Бунинг бари улкан декорация, унда одам яшаши мумкин эмас... Ростдан хам кимлардир учун БУ ЖОЙ  ҳақиқий дунё бўлса?! Қандайдир хавотир қалбимни силаб ўтди... Агар мен бу ерда тўғилганимдачи? Нима учун мен айнан бу ерда туғилмадим? Нега шундай бўлди?... Чексиз макон ичра писта пучоғи, тўфон гирдобида айланиб юрган япроқ, окандаги бир томчи... Бир кун келиб агарда мен ана шу вақтни ушлаб қола олмасам, табиат “мен” деб аталмиш жонзотни йўқ қилиб юборади.

…Шивала гат, Тулси гат, Рева гат, Гангамахал гат, Бадаини гат… бу ерда ўнлаб гатларни кўриш мумкин. Соҳилнинг ҳар бир қаричи “гат”ларга бўлинган. Дафн гулханларининг алангаси ботаётган қуёш нурларига чўмган Гангада акс этганича, кўкка ўралайди. Бирин кетин дафн маросими олдингдан ўтади. Бамбукдан ясалган замбилларда тилла попукли қизил матога ўралган жасадларни кўтариб ўтишади. Замбилларни сувга тушириб, жасадларни илоҳий сувда ювишади. Ҳеч ким йиғламайди, бақирмайди, хаттоки юзларида ачиниш ифодаси хам йўқ.. Варанасда бу одатий ҳол- ўғил отасининг жасадини ютаётган олов яхши ёниши учун ўтинларни узун  хода билан ковлаштириб туради... Гулхан олдига ўтин тахланган, ўлим хам шу ерда, кимдир ҳозир тирик, кимдир учун ана шу ўтинни эртага сотиб олишади... Оқ юзли сайёҳлар Харичандра Гат зинапоясида ўтирганларича, оловга тикилишади.

Дафн гулханига яқинроқ келаман, шунчалик яқин келаман-ки, юзимга муаттар гиёҳлар ҳиди билан биргаликда оловнинг тафти урилади-ю, гулхан оловида инсон жасадининг боши, қўллари, оёқлари кўринади... Бу ердан бир неча метр нарида эса анча кичик гулхан ёнмоқда, каттасига пул етмаган кўринади, шунинг учун хам ўлган одамнинг жасади унга бутунлай сиғмаган. Аввалига жасаднинг бош қисми, сўнг танаси оловда куйдирилади, охирида унинг оёқларини аланга  томони таёқ билан итаришади... болалар қийқирганича гулханлар атрофида қувлашмачоқ ўйнашади... сал нарироқда эса белигача сувда туриб, бир аёл ўзининг норасида гўдагини чўмилтирмоқда, унинг атрофида эса дафн маросимининг чамбараклари, куйдирилган жасаднинг кули айланиб, оқмоқда...Узоқдаги байрамнинг мусиқаси кўчалар оша қулоққа чалинади... ириллаган дайди итлар сўнган дафн гулханларидан ёнмай қолган суяк ва инсон гўштини қидириб, изғишади. Фу, ростданам, анави ерда бир дайди ит, куйган  инсон оёғини ғажимоқда. Ҳаёт ва ўлим бу ерда аралашиб кетган. Мен ҳаётда қандайдир мувозанат борлиги, бугун ёки эртага бехосдан ўлмаслигим ҳақида ишонмай қолдим. .. Секин очилаётган чиғаноқ...ўлим сени бехосдан ўз домига тортиши мумкин.. унинг учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ- ўлим ҳаётнинг ҳақиқий эгаси, фақатгина унинг инжиқларига ҳаётингнинг ҳар бир сонияси боғлиқ. Унга қарама-қарши нимани хам қўйишим мумкин? Озодликка интилган тўйғуларимдан бошқа нимани хам қўйишим мумкин?

Дафн маросимларини суратга тушириш қатъиян тақиқланганлигини яхши биламан, бу ҳақида хамма жойда айтишади, ёзишади, аммо рухсат беришса-чи? Дафн гулхани ёнидаги айвончада турганимча, гулханда суякларни ковлаётган одамдан сўрайман: “Фақат бир маротабагина суратга туширсам майлими?”. Бир пас ўйлаб туриб, у бош ирғийди: “Майли”. Зўр-ку! Ажойиб суратлар илинжида фотоаппратимни сумкамдан чиқараман... тўғирлайман... Ана шундай! Яна бир марта... Жин урсин! Бақириқ, бармоқларини менга ниқтаётган, жаҳлдан кўкарган башаралар. Бир неча томондан ҳиндлар қўлларини ёзиб, бақирганларича менинг олдимга югуриб келишади. Фотоаппаратимни зўрға сумкага яширишга улгураман.

-Бу тақиқланган!!! Бу ерда суратга олиш тақиқланган!!! Қоидани  бузганинг учун минг доллар тўла!! Пленкани бу ёққа чўз!!! Полиция!!!

Гулхан тафтидан қизиб кетган зинапоянинг тутқичларига суянганимча, қўрвдан қотиб қоламан. Улар ҳозир мени йиртқичлар сингари тилка-пора қилиб ташлашади. Мени қўйиб юбориш ниятлари йўқ.. Илинж билан сайёҳлар томон ўгириламан. Аммо уларнинг бирортаси хам менга эътибор беришмайди! Ана, холос... Келажак учун яхшигина дарс бўлди, сенга бирор нарса бўлса, ёнингни ҳеч ким олмайди. Улар қўрқоқ каламуш сингари фақатгина ўз ҳаёллари билан банд.

Паст бўйли, эскириб кетган оқ кийимдаги ориқ ҳинд бошқаларнинг унга кўрсатаётган эътиборига қараганда уларнинг каттаси. У менга жиддий назар ташлайди, овоз оҳанги хам прокурорникидай.

-Бу ерда суратга олиш қатъиян маън қилинганлигини  биласанми?

-Йўқ, биринчи маротаба буни эшитиб турибман!

-Ёлғон, бу ҳақида барча йўлкўрсатгичларида ёзиб қўйилган. Сенда йўлкўрсатгич борми?

-Бор.

-Бу ёққа бер.

-Сумкамдан Lonely Planetни олиб, унга узатаман. У ўзига жуда хам ишонган, бу нарса эса менга ёқмаяпти. У йўлкўрсатгични варақлаганича, бу воқеадан қандай қилиб чиқиб кетишни ўйлайман. Ҳиндлар унчалик хам тинч ҳалқ эмас экан... жаҳлдор башаралар, ғазабли нигоҳлар. Қани топдингми... мана... Харисчандра Гат.. менинг бурнимга йўлкўрсатгични тиқади.. мана ўқи!

Вақтни чўзиб, овоз чиқариб ўқий бошлайман. Ниҳоят тўртбурчак  рамкага олинган матнга етиб келаман, мана шу ерда ёзилган бўлса керак, жин урсин... энди нима қиламан, бундан қандай қутиламан... нима қилсам экан-а... Вау!! Рамкага олинган жойда дайди садху билан учрашганда эҳтиёт бўлиш уқтирилган эди. Уларнинг орасида сайёҳларни тунаш, баъзи ҳолларда ўлдириш учун кийимини алмаштирган босқинчилар кўплаб учраши битилган эди. Аммо суръатга олиш тақиқлангани ҳақида бир сўз хам йўқ!  Омадимга ишонмай, яна йўлкурсаткичга тикиламан-йўқ! Ўзимни хафа қилиб кўрсатиб, унинг бурни остига йўлкўрсаткични тиқаман- мана, қара, бу ерда ҳеч нарса йўқ. У ўз кўзларига ишонмай йўлкўрсаткичга тикилади. Шошиб қолганидан бир сўз дея олмайди.

-Аммо, қолганларнинг барчасида....

-Менда эса қолганлари йўқ. Хамма Lonely Planet энг зўр йўлккурсатгичлигини билади.

Мен ғолибман. Унинг қатъиятлиги қаёққадир юқолди, у бирданига бўшашиб қолди. У менга кўз қисиб,  ҳануз жаҳлдан тушмаган эътиқодининг ҳимоячиларини тинчлантириб, мени четга бошлайди.

-Менинг исмим Джай. Бу ерда мен бошлиқман. Юр, хов ана у ерда бир пас гаплашиб ўтирамиз, - у гулханлар устида осилиб турган айвончани кўрсатади.

Тор зинапоялар орқали юқорига кўтариламиз, мен рюкзагимдан кичик тўшамани олиб, унинг олдига, деворга суянганича ўтираман.

-Сен ростданам хам бу ерда суратга олиш тақиқланганини билмайсанми?

-Мен бу ерда биринчи кун бўлишим, билганимда қоидани бузмаган бўлардим.

Бу барча йўл кўрсатгичларида ёзилган...-У хафанок тарзда гапиради,- сендаги йўлкўрсаткичда бу ҳақида ёзишмагани ғалати.. Бундан ташқари ҳеч ким ўлган қариндошидан музей экспонати қилишларини истамасликларини билсанг керак? Тасаввур қилгин, сенинг онаизоринг вафот этди (негадир дарҳол енгил тортдим), қўққисидан бегона одам келиб, унинг жасадини суратга ола бошлади... Нима демоқчи бўлганимни тушунаяпсанми?

-Албатта, тушунаяпман. Албатта, мен ноҳақман. Аммо бу ерда кўрганларим мени шунчалик ларзага солдики, ўзимни тутиб тура олмадим... Мен журналистман.

-Агарда сенда  суратга олиш учун рухсат бўлса, ҳеч қандай муаммо йўқ. Сенда рухсатнома борми?

-Йўқ..

-А, демак мумкин эмас. Яхшиямки иш полициягача етиб бормади. Бўлмаса аниқ жарима тўлар эдинг... Сени вақтида қутқариб қолдим.

Мен эҳтиётлик билан унга назар ташладим, бу албатта унга миннатдорчилик билдиришим хусусидаги  шама эди. Джай бу нигоҳимни илғаб олди.

-Йўқ, сен мени тушунмадинг, менга пул керак эмас, мен шунчаки сенга ёрдам бердим, холос. Бу мен учун қийин эмас-чунки бу нарса менинг ишимдир. Оиламиз шу иш билан бир неча асрдан буён шуғулланиб келади.

-Сенга шу  иш ёқадими?

-Албатта. Бу яхши иш, ишончли даромад.

-Ҳа, тўғри, -ўлимга нисбатан ана шундай расмий муносабатда бўлиш этимни жунжиктириб юборди, у ўз тижорати хусусида худди турфа рангдаги пуфаклар сотувчиси каби лоқайд гапирарди.

-Ҳиндистонда одамлар касталарга бўлинишини билсанг керак? Касталар жуда хам, мен ўзим хам уларнинг сони нечталигини билмайман. Менинг оилам энг қуйи касталардан. Биз бошқа касб билан шуғулланишга ҳаққимиз йўқ. Дафн маросими учун ўтин ва гулхан учун жой сотиш бизнинг ишимиз, шу орқали кун кўрамиз..

-Оловни хамми?

-Ҳа, мен уни қаердан олишимизни сенга кейинроқ кўрсатаман, бу унчалик узоқ эмас. Ўтинни гугурт чўпи ёки зажигалка билан ёқиш мумкин эмас, албатта оловни Шивадан олиш зарур, бўлмаса хамма қилинган иш нотўғри бўлади.

-Қандай қилиб?

-Ўлган одам Шива ҳузурига бора олмайди. Сен буни тушунмасанг керак?!

- Биламан, аммо ақлимга сиғдира олмаяпман. Демак, сен ҳаётлигингда шафқатсиз қотил, аблаҳ, ярамас одам бўлишинг мумкин, аммо жасадингни шу ерда куйдиришса, сен тўғри тангрининг ҳузурига борасан, шундайми?

Нима дейишини билмай қолди. Бундай қарама-қаршиликни кўргиси келмайди, ноаниқ бир нималар деб ғулдирайди. Майли, яна  бирор нарсаларни сўзлаб бер.

-Барча вафот этганларнинг мурдасини куйдиришмайди. Масалан, мусулмонлар, ҳомиладор аёллар, садхуларни, илон чаққанларни, ўз жонига қасд қилганлар ва  қора чечак билан касалланиб, ўлганларни  ёқишмайди.

-Уларни кўмишадими?

-Йўқ, дарёга ташлашади.

-???

-Нега ҳайрон бўлаяпсан?

-Мен дарёда одамлар чўмилаётганини, аёллар эса кирларни юваётганларини кўрган эдим... Хаттоки, бир аёл боласини чўмилтираётган эди.

-Ганга-барчамизнинг онамиз. Ҳар куни  тонг саҳарда мен сув ичига кириб, бир неча қултум сувни ютганча пужуни амалга ошираман. Минглаб одамлар шундай қилишади. Ҳозир мен  қирқ ёшдаман ва мен билан ҳали БИРОР МАРОТАБА ХАМ ҳеч нарса бўлгани йўқ. Ганга илоҳий, унинг суви ифлос бўлиши мумкин эмас.

-Джай, одамлар касалланишади, аммо уларга касаллик айнан Ганга суви орқали юққанлигини тан олишга қўрқишар?

-Сен бари бир тушунмаяпсан...

-Аммо бу ерда доимо кимдир касал-ку! Нега айнан шу сувдан касаллик юқмаган, деб ўйлайсан? Мен Ганга сувида Европадаги бирор бир дарё сувидан уч минг маротаба кўпроқ бактериалар мавжудлигини ўқиган эдим.

-Балки бу ҳақиқатдир, аммо бу нарсанинг ахамияти йўқ… Ганга-дарё эмас, у худо, у бизнинг онамиз. Шива-отамиз, Ганга эса онамиз.

-Тушунарли:)

-Хоҳлайсанми мен ҳозирнинг ўзидаёқ сенга дарёдан сув олиб келаман. Уни ичсанг сенга ҳеч нарса бўлмаслигига гувоҳ бўласан, фақатгина сенинг карманг яхшиланади, холос.

-Йўқ Джай, керак эмас,- худди у ҳозир мени ана шу ифлос сувни ичишга мажбур қиладигандек, ўтирган жойимда қимирлаб қўйдим

- Қўрқаяпсанми?

- Мен бошқа динга сиғинаман,- бу ёлғоним унга таъсир қилишини билган ҳолда, уни алдадим. Адашмадим, у менга ҳурмат билан қараб, бошини силкиди. Мавзуни ўзгартираман.

-Қизиқ, бу ерда биров ўлса хам ҳеч ким йиғламас экан. Мен бошқа динларга нисбатан индуизмда ўлимга  муносабат  мутлақо бошқачалигини ўқиган эдим. Сизлар ўлимдан мутлақо қўрқмайсизлар, шундайми?

-Бу ерга фақат эркаклар келишига эътибор бердингми?

-Ҳа.

-Негалигини ўйлаб кўрдингми?

-Аёллар уйда йиғлашадими?

-Топдинг. Ўлимдан хамма қўрқади, аммо бу ерда сенга оғир эканлигини кўрсатмаслигинг лозим.

-Демак, сен ўлимдан сўнг худо ҳузурига боришингга ишонмас экансан-да, чунки ўлимдан қўрқасан, шундайми?

-Ишонаман, албатта ишонаман, фақат жуда хам ўлимдан қўрқаман. Қариндошларинг ўлиши хам жуда одамга  азоб беради... Ўтган йили менинг онам қазо қилган эдилар, мен шахсан ўзим унинг жасади остидаги дафн гулханини ёқдим. Ташқи кўринишимдан жуда хам тинч бўлсамда, мана бу ерда, -у чап кўкрагига ниқтади, оғриқ бор эди.

-Сен ҳар куни ўлимни кўрасан, бунинг барчасига кўникиб кетгансан, деб ўйловдим.

-Албатта, фақат бу нарса менга ва менинг оиламга даҳлдор бўлмаган тақдирдагина..

-Тушунарли...Бу қандай бино.. Кўринишидан жуда хам даҳшатли бинога ўхшайди.

-Крематорий.Бу ерда ўтинга пули йўқларни куйдиришади. Кўпчилик учун ўтин бу ҳашамат... Сенинг юртингда одамларни кўмишадими?

- Ҳа. Кейин кўп йиллар давомида қабристонга бориб, ўлганлар билан мулоқотда бўлишади.

-Ўлганлар бу пайти қайта дунёга келади-ку!

-Менинг юртимда бунга ишонишмайди:)))

-Унда нимага ишонишади?

-Дўзах ва жаннатнинг мавжудлигига. Яъни ким билсин… Кўпчилик ўлимдан сўнг бирор нарса борлигига мутлақо ишонишмайди.

-Унда улар қандай яшашади??? Ўлимдан сўнг ҳаёт йўқлигига ишонишнинг ўзи даҳшат-ку!

-Менимча нимагадир ишонишнинг ўзи нотўғри. Муҳими, сен бу ҳаётда қандай қилиб яшаётганинг.

-Сен ҳақсан, аммо мен ўлим келиши билан ҳаёт хам тугашини тасаввур қилиб яшай олмас эдим.. Сен хам бунга ишонасанми?

-Мен бу ҳақида ҳеч нарса билмайман. Бу борада тажрибам йўқ, шунинг учун хам ўлимдан сўнг ҳаёт бор ёки йўқлиги  хусусида ҳеч нарса дея олмайман.

-Менда хам бундай тажриба йўқ, аммо мен Ведаларда ёзилган нарсаларга ишонаман.

-Мен тушунаман, Джай, бу сенинг йўлинг.

Қоронғи тушди. Мен ортга қайтиш йўлни яхши билмаслигимни эслаб, хайрлаша бошладим.

-Мен ҳозир сенга Шива оловини кўрсатаман.

- ОК.

Соҳилдан унча узоқ бўлмаган масофада барча дафн гулханларига олов берувчи чуян печга ўхшаган нарса турибди, унинг ичида тинмай олов ёнмоқда.

-Яна келгин, суҳбатлашиб ўтирамиз.

-Балки келарман. Сен Шивала гатгача қандай қилиб  боришни биласанми?

- У ер жуда хам яқин, мана бу кўчадан ҳеч қаерга бурилмасдан тўғри кетсанг, ўн дақиқалардан сўнг етиб борасан. Итлардан эҳтиёт бўл, кечқурунлари улар тўда бўлиб, одамларга ташланишади. Улар ҳаттоки бутунлай ғажиб ташлашлари хам мумкин… Кузатиб қўяйми?

Хурсанд ҳолда розилигимни айтиш учун оғиз жуфтлайман-у, аммо унинг нигоҳига назар ташлашга улгураман. Шойи вируси фаоллашди...

-Йўқ, раҳмат, яшаш жойим яқин.

-Америка нон дўкони олдидами?

-Билмайман, аммо мен «Санрайз отел» да яшайман.

-Ҳа, ёнида нон дўкони бор. Бир келганингда менга пирожное олиб келасанми?

Унинг илтимоси кўнглимни бузиб юборди, ўлим даракчиси норасида гўдак сингари мендан пирожное олиб келишни сўраяпти.

-Олиб келаман:) Албатта сенга пирожное олиб келаман...

 

“** ноябрь.

Уч иш куни. Тўғрисини айтсам, учта асосий тўсиқ пайдо бўлганини айтмасам, бирор нарсани амалга оширганимча йўқ. Бу жуда хам муҳим, чунки авваллари кўз олдимда фақатгина яланғоч девор турган бўлса, ҳозир мен унинг ғиштларини хам кўраяпман. Нима бўлган тақдирда хам, мен бу ўзгаришларни  ижобий тарзда қабул қиламан, бу ҳақида ҳеч кимдан сўралмаслигим натижасида... кимдан хам сўрардим... мен бу ўзгаришлар ижобийлигини ҳис қилмоқдаман.

Мен инсондаги илк муаммо унда салбий ҳғиссиётлар пайдо бўлганида юзага келишини тушиниб етдим. Уни бартараф этиш, ўзимни қувноқ кайфиятдаги ҳолатимни тасаввур қилиш ўрнига, нега бундай ҳолат юзага келгани, энди нима қилиш мумкинлиги, ўзи бирор нарса қилиш мумкинми ёки йўқми, шулар  ҳақида ўйлай бошлайман. Айнан бирор нарса қилмай, фақатгина ўйлаганим сари бу ҳолат мени мағлубият томон етаклайди. Салбий, тушкун кайфият пайдо бўлиши билан уни БАРТАРАФ этишга интилиш-айнан ана шу пайтда мен учун жуда хам долзарб масала. Уни бартараф этишим зарур.

Иккинчи муаммо-ачиниш, йўқотиш ҳиссининг пайдо  бўлиши. Бир пайтлар Кастендада ўқиган эдим, ҳар бир одам ҳожатхонага бориб, орқасидан нажасини ювиш учун сувни туширмоқчи бўлганида охирги марта унга қарар, худди у билан хайрлашмоқчи бўлгандай бўлар экан. Кулгили, аммо бу бор нарса- менинг нохуш кайфиятим бу МЕНИНГ салбий ҳиссиётларимдир. Ҳар доим улардан қутилишга ҳаракат қилиб, охирги маротаба уларга “назар” ташлаганимда, айнан шу ҳиссиётлар янада мустаҳкамланиб, бутун аъзойи-баданимни чирмаб олишади. Демак, Тай ҳақ эди, яъни “қила олмайман” эмас, балки биринчи галда “истамайман”, бўлмаса инсондаги шиддат қаёқдан хам пайдо бўларди? Агарда кимдир менга аҳмоқсан деса, негадир мен ана шунга  жавобан ғазаб пайдо бўлишидан ийманаман. Бу тўсиқни қандай қилиб енгиб ўтиш керак? Ҳозирча билмайман. Аввало, инсон буни жуда хам исташи керак. Бир неча маротаба уриниб, уни енгиб ўтиши зарур. Худди ўзимни ўзим ишонтираётгандек ёки гипноз қилаётгандекман... йўқ, бундай эмас. Ёки  ўхшаяптими... нима фарқи бор? Мен учун натижа муҳим, ёки мен хазинани қазиб олган белкурак нимага ўхшашлиги муҳимми? Менда ана шундай белкурак бор, у билан қазишда давом этаман. Менимча, инсон олдига минимал мақсадларни қўйиши ва унга эришиши, яъни ҳеч бўлмаганда ўн, беш сонияга салбий ҳиссиётлардан ҳоли бўлмоқ зарур...”

 



<< Бўлим 27 Бўлим 29 >>